Тарбия оиладан бошланади

Таҳлил

image

Оила муқаддас даргоҳ. Биз ана шу оилада камол топамиз, улғаямиз ва мустаққил ҳаётга қадам қўямиз. Ҳар бир миллат ўз истиқболини камолга етаётган ёшлари тимсолида кўради. Шунинг учун ҳам жамиятнинг таянчи — оила саналади. 

Ўзбек халқи қадим замонлардан оилани муқаддас билган. Оиладаги тарбия оилавий ҳаётни кузатиш, ўрнак олиш ва яхши ўгитлар эшитиш орқали шаклланади.

Ҳозиргидек мураккаб шароитда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт бўлган хуружлар, уларнинг онги ҳамда қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлар тобора кучайиб бораётгани ҳар биримиздан янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни талаб этмоқда. Оқ-қорани ажрата олмаган ғўр ёшларни бундай оқимлар домига тушиб қолишдан асраш таълим-тарбия ишига масъул бўлган ота–онага юксак масъулият юклайди. Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганларидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. 

Назаримда оилавий қадриятлар аста-секин завол топаётгандек. Айниқса, бу вазият аҳолининг ярмини ташкил этадиган пойтахтда авж олмоқда. Буни бир қанча далилар билан исботлаш мумкин. Тўғри, шаҳарда рақобат кучли, яхшининг ўрнини зўр, зўрнинг ўрнини ундан ҳам уддабурони босаверади. Демакки, тузукроқ ишга жойлашиб, тўрт сўм пул топишинг, бирингни икки қилишинг учун жон-жаҳдинг билан курашмоғинг керак. 

Шу сабаблими, бугун бировнинг ҳақидан ҳазар қилиш, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик каби олий сифатларни буткул унутиб юборган оилалар кўпайса кўпайяптики, асло камаяётгани йўқ. Аянчлиси, ўзни ўйлаш, шахсий манфаатни устун қўйиш, ғирромлик каби иллатлар фақат бир авлодни заҳарлаётгани йўқ. Улар тарбия асносида кейинги авлодларга ҳам мерос бўлиб қолмоқда.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ҳозирги замонда маънавий қадриятлар ўз жойини нафс, ҳирс, хою-ҳавасга бўшатиб бераётгани ва кўп жиҳатдан айнан шу ҳолат ёшларимиз орзу-интилишларига тамал тоши қўяётганини кўриб-билиб турибмиз.

Ўзи уйини китоб ўрнига, турли кераксиз буюмлар билан тўлдириб, вақт топилди дегунча интернет ва телевизордан бош кўтармайдиган, топганини тўй учун сарифлайдиган, фарзандларини ҳам шундай яшашга ўргатаётган ота-оналар афсуски орамизда бор. 

Маънавий қашшоқ инсонгина ўзига берилган шу қисқагина умрини бойлик тўплаш, шон-шуҳрат ва мансабга интилишга сарифлайди. Баъзида оми одамлар эмас зиёлилар орасида ҳам шундай инсонлар борлигидан ҳафа бўлиб кетаман. Бундай инсонлар эл корига ярашга, юрт тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатишга қодир эмас! Афсуски, уларнинг зурриёдлари ҳам, ота-онасидан қолишмаган ҳолда, ҳаёт йўлини давом эттиради. Бундай келажак билан узоққа бориб бўлармиди? 


Атрофга боқинг, биз қаёққа қараб кетяпмиз ўзи, тўхташ вақти келмадимикан?


                             Зарнигор Абдумаликова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг