Таниш билишчиликка йўл қўйган “каттаконлар”га жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
Жамият
−
05 Февраль 2022
6546Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилганлик хатти-ҳаракатлари ва жуда кўп миқдордаги давлат харидларига оид манфаатли битимлар тузилишига эришиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликни белгилаш, яъни бундай қилмишни формал таркибли жиноят сифатида эътироф этиш таклифи билдирилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот котиби Дурдона Очилова маълум қилди.
Қайд этилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан зиммасига юклатилган вазифалар қаторида давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ва аффилланганлик ҳолатлари бўйича доимий равишда ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Агентлик томонидан 2021 йил давомида давлат харидлари соҳасида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижасида республика бўйича бюджет буюртмачиларининг 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талабларини бузганликлари аниқланиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарларликларнинг сабаб ҳамда шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган 446 та тақдимнома киритилган ва 141 млрд сўмдан ортиқ бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олинган.
Мазкур тадбирлар давомида аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниб, улар томонидан Жиноят кодексининг турли моддалари билан умумий 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилиши таъминланган.
Шунингдек, Дурдона Очиловага кўра, била туриб манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилганлик хатти-ҳаракатлари ва жуда кўп миқдордаги давлат харидларига оид манфаатли битимлар тузилишига эришиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликни белгилаш, яъни бундай қилмишни формал таркибли жиноят сифатида эътироф этиш таклифи билдирилмоқда.
Абдухолиқов иши
Жорий йилнинг 21 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли билан текширув бошлади.
Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланган.
Кинематография агентлиги бўйича ўтказилган ўрганишларда эса 2021 йил май ойи ва ундан кейинги пайтдаги молиявий жараёнлар таҳлил қилиниб, ушбу давр мобайнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган.
Жорий йилнинг 25 январь куни Бош прокуратура томонидан Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) нинг 4-қисми билан маъмурий иш қўзғатилди.
LiveБарчаси