Талончилар туфайли қутқарувчилар Туркияни тарк эта бошлади – ОАВ

Олам

image

Туркиядаги зилзила қурбонларига ёрдам бераётган қутқарувчилар талончилар туфайли мамлакатни тарк эта бошлади. Бу ҳақда “Turkiye Gazetesi” хабар берди.

Қайд этилишича, Исроилнинг “Yunayted Hatzalah” қидирув-қутқарув гуруҳи олти кунлик муддатдан сўнг гуруҳга нисбатан хавфсизликка жиддий таҳдид мавжудлиги сабабли Туркияни тарк этган.

“Yunayted Hatzalah” гуруҳи ижрочи директори Эли Поллак ва операциялар бўйича вице-президент Дов Майзель Исроил делегациясига аниқ ва бевосита таҳдид ҳақида разведка маълумотини олганини ва ходимлар хавфсизлигини биринчи ўринга қўйиш кераклигини айтган.

“Биз Туркиянинг Сурия чегарасига яқин ҳудудига ўз жамоамизни юборишда маълум даражадаги хавф борлигини билардик, ҳаётимизни сақлаб қолиш мақсадида хавфни юмшатиш учун зарур чораларни кўрдик”, дейди Майзель. 

Туркия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, талончилар табиий офатдан кейин кўчаларда фаоллашган. Одамлар дўконларни талон-торож қилиб, қурбонлардан қимматбаҳо нарсаларни олмоқда. 

Шунингдек, кўчаларда турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар бошланиб, зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда ўқ овозлари эшитилиб турибди.

“Deutsche Welle” нашрига кўра, Австрия Қуролли кучлари вакиллари ҳам хавфсизликнинг йўқлиги ҳамда қуролли талончилар гуруҳлари ва даврий отишмалар туфайли ҳарбийлар, қутқарувчиларнинг ҳаётига таҳдид мавжудлиги сабабли Туркиядаги зилзила зонасини тарк этаётганини маълум қилган.

Икки немис ёрдам ташкилоти ҳам Туркиядаги қутқарув ишларини хавфсизлик нуқтаи назаридан ва одамлар гуруҳлари ўртасидаги тўқнашувлар ҳамда отишмалар сабабли тўхтатган. 

Германия Халқаро қидирув ва қутқарув ташкилоти ҳамда Федерал техник ёрдам агентлиги Туркия вазиятни хавфсиз деб баҳолаган заҳоти ўз ишларини давом эттиришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида (маҳаллий вақт билан 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл) магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Вайронкор зилзила қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Кипр Республикаси ва Ироқда ҳам сезилди.

Шундан сўнг, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик мотам эълон қилди. Туркия давлат байроқлари бутун мамлакат бўйлаб яримга туширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркиядаги зилзила Талончилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг