Талатўплардан кейинги тозалаш: Қозоғистонда нефть-кимё заводи директори қамалди
Олам
−
10 Февраль 2022
4549Қозоғистонда “Павлодар нефть-кимё заводи” МЧЖ бош директори Оспанбек Алсеитов ўзлаштириш иши бўйича қўлга олинди. Бу ҳақда республика Молия мониторинги агентлиги матбуот хизмати хабар берган.
“Павлодар нефть-кимё заводи” МЧЖ бош директори О.Б.Алсеитов ва бошқа шахсларга нисбатан қонунга хилоф равишда ўзига ишониб топширилган бегонанинг ўта йирик миқдордаги мулкини ўзбошимчалик билан ўзлаштириш ёки сарфлаш факти бўйича судгача тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Алсеитовга нисбатан Павлодар шаҳар ихтисослаштирилган тергов суди икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.
“Павлодар нефть-кимё заводи” Қозоғистондаги учта йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлиб, 100 фоиз “КазМунайГаз” миллий нефть ва газ компаниясига тегишли.
Маълумот ўрнида, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь ойида мамлакатдаги норозилик вазиятига Энергетика вазирлиги, шунингдек, “КазМунайГаз” ва “Казакгаз” компанияларини ҳам айблаганди.
Аввалроқ, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ёқилғи учун монопол юқори нархларни белгилашда гумонланаётган “Суюлтирилган газни сақлаш парки” МЧЖга нисбатан жиноий иш қўзғатганди.
LiveБарчаси