Ўтмишга қайтиб: Арманистонда 2008 йилги даҳшатлар такрорланяпти
Таҳлил
−
01 Март 2021
13690Арманистон – Собиқ СССР қулаганидан сўнг мустақилликка эришган давлат. Бу мамлакат Кавказда, аниқроғи Европа ва Осиё чегарасида жойлашган. Унинг географик ўрни Эрон, Туркия, Россия ва Озарбайжон каби давлатларнинг манфаатлари тўқнашган майдонга айланди шекилли, 2020 йилги Тоғли Қорабоғ воқеаларидан кейин Арманистон ҳалигача ўзига келолмаяпти.
Озарбайжондан қабул қилинган мағлубият Арманистоннинг ички сиёсий мувозанатини бузиб юборди. Айни вақтда ушбу давлатда Ҳукумат вакилларининг қилган эҳтиётсизлиги ички ва ташқи кучларга таъсирчан бўлиб қолган, бирлик йўқолган. Кун ора намойишлар бўлиб турибди. Армия ва мухолифатчи кучлар мамлакат Бош вазири Пашиняннинг истеъфосини талаб қилмоқда.
Бу ўз ўрнида Арманистондаги 2008 йилги воқеаларни эслатиб юборади. Ўшанда ҳам намойишчилар истеъфо талаб қилган эди, фақат сайланган Президентдан. Қуйида Арманистон тарихида “1 март иши” ёхуд қонли сана номи билан қолган 13 йил аввалги баҳорнинг илк кунлари ҳақида сўз боради.
Арманистонда Президент сайлови
2008 йил 19 февралда Арманистонда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Ҳаммаси айнан Арманистон Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг бошланди. Комиссияга кўра, ушбу сайловда 53 фоиз овоз тўплаб Серж Саргсян ғалаба қозонган эди. Ушбу сайловда иштирок этган Арманистоннинг биринчи Президенти Тер-Петросян эса 21,50 фоиз тўплаб иккинчи ўрин олган маълум қилинди.
Ушбу сайлов арман халқининг нотинч кунларига айланишида айнан Арманистоннинг биринчи Президенти Тер-Петросяннинг роли бор. Чунки ўша вақтларда истеъфодаги Президент мухолифат позициясини тутган эди. Сайлов натижаларидан норози бўлган Тер-Петросян ўзининг тарафдорлари билан 2008 йилнинг 20 февраль куни намойиш ўтказади. Ераван кўчаларида бир неча минг киши тўпланади.
“Мен ушбу сайловда ғолиб бўлдим ва ўз ғалабамни талаб қиламан. Ёнимда ҳеч ким қолмаса ҳам бунга журъатим етади”, деган эди Тер-Петросян.
Мухолифатнинг чақируви билан бошланган намойишлар Ҳукуматнинг огоҳлантиришига қарамасдан, шу тариқа баҳорнинг илк кунларига қадар давом этди. Мамлакат пойтахти Ереван марказида жойлашган Озодлик майдонида 10 мингга яқин намойишчи йиғилди. Намойишчилар сайланган Арманистон Президенти Серж Саргсяннинг истеъфосини талаб қилганди.
Қонли тўқнашув
2008 йилнинг 1 март куни эрта тонгда полиция ишга киришди. Бу вақтда Озодлик майдонига йиғилганларнинг кўпи ҳали ухлаб ётарди. Намойишчилар майдонни такр этмаслик учун чодирлар ўрнатиб, ҳар тунни шу ерда ўтказётган эди. Улар орасида болалар ва аёллар ҳам бўлган. Полиция эса дубинка ва электрошокерлар билан уларни қувишни бошлаган.
Ушбу шавқатсизлик ортидан изсиз йўқолганлар ҳам бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 131 киши оғир жароҳатланган, 8 киши ўқ еб ҳалоқ бўлган. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан амалдаги Арманистон Президенти мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди, мухолифат раҳбари Тер-Петросян эса ўз тарафдорларидан тарқалишни сўраган.
LiveБарчаси