Тахт учун кураш. Шаҳзода Салмон ўз жиянини ҳибсга ташлади
Олам
−
12 Март 2020
10548Саудия Арабистонининг Қироллик маслаҳат кенгаши аъзоси Муҳаммад бин Саад ас-Сауд валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга қарши ҳаракат қилишда айбланиб, ҳибсга олинди. Шаҳзодани ҳибсга олиш буйруғи шахсан Муҳаммад бин Салмон томонидан берилган.
Ҳибсга олинган Муҳаммад бин Саад ас-Сауднинг вазифаси Саудия Арабистонида тахтга ўтириши керак бўлган валиаҳдни аниқлаш эди. Ҳибсга олиш ҳақида Ар-Риёд расмий баёнот бергани йўқ.
Аввалроқ, қиролнинг укаси Аҳмад бин Абдулазиз ва собиқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Найиф ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Уларга давлатга хиёнат айблови қўйилган.
Маълумот учун, Саудия Арабистони давлат бошқарув шакли мутлақ монархия ҳисобланади. Мамлакатда бошқа монархиялардан фарқли равишда қироллик оиласининг энг катта вакили тахт вориси ҳисобланади. Яъни Саудияда подшоҳ фарзанди бўлишингиз сизни мамлакатнинг кейинги тахт эгаси бўлишнгизни кафолатламайди.
1953 йилдан то ҳозиргача 1902 - 1953 йилларда Қиролликни бошқарган Абдулазиз бин Сауднинг фарзандлари мамлакат тахтини бирин-кетин эгаллаб келмоқдалар. Ҳозиргача отасидан сўнг, ака-укалар, Сауд бин Абдулазиз (1953-1964), Файсал бин Абдулазиз (1964-1975), Ҳолид бин Абдулазиз (1975-1982), Фаҳад бин Абдулазиз (1982-2005), Абдуллоҳ бин Абдулазиз (2005-2015) ва Салмон бин Абдулазиз (2015 йилдан ҳозиргача) тахтга эгалик қилиб келмоқда. Юқоридаги подшоҳларнинг фарзандларидан хеч бирига ҳозиргача отасидан кейин тахтни эгаллаш насиб қилмаган.
34 ёшли Муҳаммад бин Салмон эса ўзига ёқмаган бу анъанага чек қўйиш ниятида. У отасидан сўнг тахтни эгаллаш учун ўз амакиси, амалдаги қиролнинг укаси Аҳмад бин Абдулазизни ҳибсга ташлади. У шу йўл билан амакисини тахтга бўлган даъвосидан воз кечтирмоқчи. Бунинг учун қиролнинг ҳибсдаги укаси тахтдан воз кечгани ҳақида расмий баёнот бериши керак.
LiveБарчаси