Таиландда мамлакатдан чиқиш солиғи жорий этилиши мумкин
World
−
19:22 345 2 minutes
Таиланд Молия вазирлиги мамлакатдан чиқиш учун янги солиқ жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. У чет элликларга ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда қонун лойиҳасига таяниб, Таиланднинг “The Nation” газетаси хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, дастлабки босқичда йиғим миқдори 1 минг батни (қарийб 30 доллар) ташкил этади, шу билан бирга қонуннинг чекланган юқори миқдори 5 минг бат (қарийб 150 доллар) этиб белгиланмоқда. Тўловни Таиланддан учиб кетаётган барча авиайўловчилардан (бир нечта тоифалардан ташқари) ундириш режалаштирилган. Мамлакатдан қуруқлик ва денгиз орқали чиқиб кетишга дастлабки босқичда солиқ солинмайди.
Солиқ тўлашдан Таиланд қироллик оиласи аъзолари ва уларнинг аъёнлари, мамлакат Буддавийлик сангхаси Олий патриархи, бошқа давлат раҳбарлари, расмий ҳукумат меҳмонлари ва икки ёшгача бўлган болалар озод қилинади. Шунга ўхшаш истиснолар махсус ажратилган транзит ҳудудларида қолувчи халқаро транзит рейслари йўловчилари ҳамда экипаж аъзолари ва бошқа транспорт ходимлари учун ҳам амал қилади.
“Саёҳатчилар Таиланддан чиқиб кетишдан олдин солиқни тўлашлари шарт. Одатда авиакомпаниялар ёки чипта сотиш агентлари ушбу тўловни авиачипта учун тўлов билан бир вақтда ундиради”, деб қайд этади газета.
Тўламаганлик учун солиқ суммасидан икки баравар юқори миқдорда жарима кўзда тутилади. Таиланд Молия вазирлигининг билдиришича, ушбу таклиф солиқ тартиб-интизоми доирасида давлат ресурсларидан янада самарали фойдаланиш ҳамда эҳтимолий фавқулодда вазиятларга жавоб қайтаришда мослашучанликни таъминлашга қаратилган.
Илгари ҳам мамлакатдан чиқиш учун тўлов ундирилган. Солиқ Таиландда 1983 йилда жорий этилган бўлиб, у қуруқлик ва денгиз транспорти учун 500 батни, авиапарвозлар учун эса 1 минг батни ташкил этган. Қуруқлик ва денгиз орқали чиқиш йиғими 1986 йилда, ҳаво йўли орқали эса 1991 йилда бекор қилинган.
Бундан ташқари, Таиланд ҳукумати 2027 йилдан бошлаб хорижий сайёҳлар учун туристик йиғим жорий этишни режалаштирмоқда. Унинг миқдори 450 батни (қарийб $13,4) ташкил этади. Режанинг биринчи босқичида йиғимни самолётда борадиган хорижликлардан, кейинчалик эса қуруқлик ва денгиз орқали кириб келувчилардан ундириш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 сентябрдан бошлаб Таиланд 93 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун амал қилаётган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилган эди.
Live
All