Таиландда АҚШ сўрови асосида машҳур россиялик хакер ушланди
Олам
−
13 Ноябрь 2025 6146 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати талаби билан Таиландда Россия фуқароси қўлга олинди. У Америка ва Европадаги давлат муассасаларига киберҳужумлар уюштиришда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “The Phuket Express” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, гап “дунё даражасидаги 35 ёшли хакер” ҳақида кетмоқда ва у АҚШга экстрадиция қилинади. Россиянинг Пхукет оролидаги бош консули Егор Ивановнинг айтишича, Россия томони ҳибсга олинган шахсга консуллик ёрдамини тақдим этиш имконини сўрамоқда.
Таиланд киберполицияси маълумотига кўра, хакер жорий йилнинг 6 ноябрь куни Пхукет оролида АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агентлари билан ўтказилган қўшма операция давомида ҳибсга олинган. У жорий йилнинг 30 октябрь куни мамлакатга кириб борган ва Таланг туманидаги меҳмонхонада жойлашган. Тинтув чоғида ундан ноутбуклар, мобил телефонлар ва криптоҳамёнлар (рақамли ҳамёнлар) топилган. Тергов маълумотларига кўра, унинг криптоҳисобларида 14 миллион бат (тахминан 432 минг доллар) музлатилган бўлиб, бу маблағларнинг келиб чиқиши киберфирибгарликка алоқадор бўлиши мумкин.
Полиция гумонланувчининг исмини расман ошкор қилмаган. Бироқ “Вот так” нашрининг ёзишича, ФҚБ базасида кибержиноятлар учун қидирувда бўлган 35 ёшли ягона россиялик – Мурманск вилоятида туғилган, Россия Бош разведка бошқармаси катта лейтенанти, Fancy Bear хакерлик гуруҳи билан алоқадор Алексей Лукашевдир.
ФҚБ маълумотларига кўра, Лукашев 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашув ва Демократик партия серверларини бузиш бўйича ишда тилга олинган. Унинг исми бу ишда айбланган 12 нафар шахс орасида қайд этилган. Fancy Bear гуруҳи шунингдек, Ҳиллари Клинтон штаб-квартирасининг электрон почтаси ҳамда Франция Президенти Эммануэль Макроннинг почтасини бузиш бўйича терговларда ҳам тилга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлигини (NSA) мамлакатнинг Миллий вақт хизмати маркази (NTSC)га киберҳужум уюштирганликда айблаганди.
Live
Барчаси