Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги тўқнашувда ўзбекистонликлар ҳам жабрландими?
Олам
−
25 Июль 10077 3 дақиқа
Таиланд ва Камбоджада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида қуролли тўқнашувлар даврида жабрланганлар мавжуд эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.
Билдирилишича, ТИВ Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарада юз берган қуролли тўқнашув муносабати билан юзага келган вазиятни диққат билан кузатмоқда.
“Биз барча томонларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирамиз”, дейилади вазирлик хабарида.
Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, Таиланд пойтахти ва туризм марказларида вазият барқарор бўлиб, хорижий сайёҳлар учун хавф-хатар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, вазирлик Ўзбекистон фуқароларидан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилмасликни ва расмий хабарларни кузатиб боришни сўраган.
“Фавқулодда вазиятларда Бангкокдаги Бош консулхонамизга (+66-2) 675-3995 ёки (+66-2) 675-3996 рақамлари орқали мурожаат қилиш мумкин. Вазирлик ватандошларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришда давом этади”, дейилади хабарда.
Таиланд ва Камбоджаги қонли тўқнашувлар
Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги муносабатлар ҳозирда кескин ёмонлашган ва қуролли тўқнашувларга айланмоқда. 24–25 июль кунлари баҳсли чегара ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар авж олди. Таиланд F-16 қирувчи самолётлари Камбоджа томонига авиазарбалар берди, артиллерия ва миномётлардан фойдаланилди. Бу жанглар оқибатида ҳозиргача камида 16 киши ҳалок бўлди – уларнинг 15 нафари Таиландда, 1 нафари Камбоджада. Яна кўплаб инсонлар яраланган. Ҳар икки давлат бир-бирини провокацияда айбламоқда.
Зиддиятнинг авж олиши оқибатида 120 мингдан ортиқ фуқаро хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Айрим манбаларда бу рақам 130 мингга етгани айтилмоқда. Қуролли тўқнашувлар дастлаб 6 та жойда содир бўлган бўлса, ҳозирда 12 та нуқтага ёйилган. Таиланд ҳукумати барча Камбоджа билан чегара назорат-ўтказув пунктларини ёпганини эълон қилди.
Дипломатик муносабатлар ҳам жиддий совуқлашди – томонлар элчиларини чақириб олди, айрим дипломатик вакиллар чиқариб юборилди. Халқаро ҳамжамият – БМТ, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатлар вазиятни зудлик билан тинч йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда. Бироқ Таиланд ҳар қандай воситачиликни рад этиб, фақат икки томонлама музокараларни маъқул деб ҳисоблаётганини билдирди.
Бу можаро илдизи қадимий Preah Vihear ибодатхонаси атрофидаги баҳсли ҳудудларга бориб тақалади. Тарихан Таиланд ва Камбоджа ушбу ҳудуд бўйича бир неча бор баҳслашган, ҳатто 2008-2011 йилларда ҳам қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтган. Ҳозирги ҳолат эса ўша эски зиддиятнинг янги босқичдаги кескинлашуви ҳисобланади.
Умуман олганда, вазият жуда жиддий ва кенг кўламли ҳарбий тўқнашувга айланиши мумкин. Таиланд ҳарбийлари тайёр ҳолатга келтирилган, Камбоджа армияси ҳам захира кучларни ҳаракатга келтирган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь