Таиланд маликаси 47 ёшида оламдан ўтди

Олам

image
Таиланд қиролининг катта қизи, малика Бажракитиябха Нарендира Дебявати 47 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Қироллик саройи хабар берди.
 
Маълум қилинишича, малика 11 июнь куни кечқурун соғлиғининг оғирлашиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. У деярли тўрт йил давомида кома ҳолатида бўлган.
Малика 2022 йил декабрь ойида Накхон Ратчасима вилоятига ташриф буюрган вақтида юрак билан боғлиқ касаллик сабаб ҳушидан кетган ва шундан сўнг вертолётда Бангкокка олиб келиниб, шифохонага ётқизилган эди.
 
Қироллик саройи баёнотига кўра, кейинги йилларда унинг аҳволи қорин бўшлиғи инфекцияси, колит, қон босимининг пасайиши, юрак ритми бузилиши ва қон ивиши билан боғлиқ муаммолар туфайли янада оғирлашган.
 
Халқ орасида “Малика Па” номи билан танилган Бажракитиябха 1978 йил 7 декабрда ўша пайтдаги валиаҳд шаҳзода Маха Важиралонгкорн ва унинг биринчи рафиқаси малика Соамсавали оиласида туғилган. У АҚШдаги Cornell University университетида ҳуқуқ соҳасида таҳсил олган, магистр ва докторлик даражаларини қўлга киритган. 2006–2011 йилларда Таиланд Бош прокуратурасида ҳуқуқшунос сифатида фаолият юритган.
 
2012–2014 йилларда Таиланднинг Авсрия, Словения ва Словакия давлатларидаги элчиси бўлиб ишлаган. Кейин эса Бангкокдаги прокуратура тизимига қайтган. Малика қамоқдаги аёллар, айниқса ҳомиладор маҳкумалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган хайрия ташкилотига ҳам асос солган.
 
2017 йилда у БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича комиссияси томонидан Жануби-Шарқий Осиёда қонун устуворлиги бўйича эзгу ният элчиси этиб тайинланган. 2021 йилда малика армия хизматига ўтиб, генерал ҳарбий унвонига сазовор бўлган ва Қироллик хавфсизлик қўмондонлиги штаби бошлиғи сифатида хизмат қилган.
 
Бажракитиябха Таиланд қироли Маха Важиралонгкорннинг расмий унвонга эга бўлган ва мамлакат конституциясига кўра тахт вориси бўлиш ҳуқуқига эга уч фарзандидан бири эди.
 
Қироллик саройи маликанинг дафн маросимлари давлат даражасида ўтказилишини маълум қилган. Шунингдек, мамлакат ҳукумати миллий мотам эълон қилиши кутилмоқда.

Мақола муаллифи

Теглар

Таиланд Малика Па

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг