Таиланд Бош вазири чет элликлардан ўз ватанига бориб ўлишни сўради
Олам
−
11:06 2028 3 дақиқа
Таиландда чет эл фуқароларига маҳаллий ҳокимият органларини суиистеъмол қилмасдан, ўз ватанига бориб ўлиш тавсия этилди. Бу ҳақда “Nation” хабар берди.
Қайд этилишича, Таиландда узоқ вақтдан бери истиқомат қилаётган чет элликларга бундай маслаҳатни мамлакат Бош вазири ва Ички ишлар вазири Анутҳин Чанвиракун берган.
“Яқинда мен (чет элликлардан — таҳр.) ҳатто хусусий қабристон ташкил этиш бўйича сўров тушганидан хабар топдим. Бу энди ҳаддан ташқари ортиқча, ҳамма чегаралардан чиқиб кетишдир. Бу ерга келишингизга рухсат берганимиз учун миннатдор бўлишингиз керак.
Ҳалол меҳнат қилиб даромад топиш учун келинг. Агар ўлишингиз пешонангизга ёзилган бўлса, ўз ватанингизга бориб ўлинг. Бу ерда ўлишнинг ҳожати йўқ. Бизни суиистеъмол қилишга уринманг”, дейди Чанвиракун Таиланд провинциялари губернаторлари билан ўтказилган йиғилишда.
Бош вазир, шунингдек, чет элликлар ҳокимият рухсатисиз Таиланд ҳудудида ўз хоҳиши билан диний муассасалар ва жамоалар тузмаслиги, айниқса “ресторан учун лицензия олиб, унинг ўрнига ибодатхона очмаслиги” кераклигини қўшимча қилган.
У ўз провинциялари ҳудудида чет эл фуқароларининг ноқонуний фаолиятига, шунингдек, чет элликларнинг Таиланд анъаналари ва халқига ҳурматсизлик қилиш ҳолатларига қатъий чек қўйишни буюрган.
“Таиланд чет элликларни қабул қилишга тайёр, аммо ҳамкорлик ўзаро манфаатли бўлиши керак. Туризм мамлакатга маблағ ва инвестициялар олиб келади, аммо бу ҳеч кимга бошқаларни суиистеъмол қилиш ёки инвестициялардан ноқонуний фаолият юритиш учун фойдаланиш ҳуқуқини бермайди”, деган Бош вазир ва мамлакат ҳудудида бизнес ташкил этишда Таиланд фуқароларидан сохта шахслар (номдор аъзолар) сифатида фойдаланиш ҳам шундай фаолиятга киришини тушунтирган.
У гап фақат бир минтақа эмас, балки ҳар хил мамлакатлар, жумладан, Осиё, Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Европа ва Африка давлатларидан келганлар ҳақида кетаётганини қўшимча қилган.
Нашрнинг қайд этишича, жорий ҳафта бошида Таиланд расмийларининг фармойиши билан икки йил олдин ташкил этилган ва маҳаллий маъмурият томонидан қабристон лицензияси узайтирилмаган хусусий яҳудий қабристони тугатилган.
Маълумот учун, Таиланд аҳолисининг кўпчилиги буддавийликка эътиқод қилиши ва унинг анъаналарига кўра марҳумларнинг жасади куйдирилиши (кремация қилиниши) сабабли мамлакатда қабристонлар жуда кам. Мавжуд қабристонларнинг аксарияти мусулмон ва хитой қабристонлари. Шунингдек, қиролликда бир нечта расмий насроний қабристонлари, жумладан, католик ва протестант қабристонлари, шунингдек, православ монастири ҳузурида битта рус православ қабристони мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 сентябрдан бошлаб Таиланд 93 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон учун амал қилаётган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилган эди.
Live
Барчаси