Инвесторлар чангалида қолаётган тарих
Таҳлил
−
23 Январь
67142023 йилнинг сентябрь ойида 1979-1983 йилларда қурилган жами 14 та бинодан иборат, умумий майдони 60 минг метр квадратга тенг бўлган “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси АЖ бинолари хусусийлаштирилиши ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилгани ҳақида гап-сўзлар болалаганди.
Гап шундаки, юқорида қайд этилган бино 1979-1983 йилларда қурилган бўлиб, 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.
“Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 15 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг оммага очиқланмаган қарори билан юқорида келтирилган объектлар миллий рўйхатдан чиқарилган ва ҳозирги кунда биноларни сотиш учун тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовнинг айтишича, "Шарқ" нашриёт-матбаа акционерлик жамияти биносининг маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилишининг асосий сабаби унинг молиявий аҳволи билан боғлиқ.
“Шарқ” нашриёт мутасаддилари корхонанинг молиявий аҳволидан келиб чиқиб, кичикроқ бино ажратиш учун ҳукуматга мурожаат қилган. Шу асосда корхонага ихчам, сифатли бино топиб берилган. Ўз навбатида бўшатилган бино хусусийлаштиришга қўйилган.Бинолар хусусийлаштирилган тақдирда ҳам, сотиб олган харидор иншоотнинг Тошкент марказида жойлашгани ва бошқаларни инобатга олган ҳолда лойиҳа концепциясини беради. “Шарқ” нашриёт уйида асосан ишлаб чиқариш билан шуғулланилган. Бу биноларни маданий мерос рўйхатида қолдириш мақсадга мувофиқ эмас. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги биноси эса пойтахтнинг “визитная карточка”си. Шу сабабли ҳам бу бино ва Алишер Навоий театрига қараган иншоот тўлиқ реконструкция қилиниб сақлаб қолинади. Яна бир маротаба такрорлайман, маданий мерос объекти сифатида ишлаб чиқариш бинолари ҳам кириб қолган. Бинолар бузилмайди, сақлаб қоламиз, деб кафолат берамиз”, дейди агентлик директори.
Директорнинг қўшимча қилишича, 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бинолар рўйхати нотўғри шакллантирилган. Унда тарихий аҳамиятга эга бўлмаган бино ва иншоотлар ҳам бор ва айни пайтда уларнинг кўпи ташландиқ аҳволда.
“Буюк Турон кўчаси 41-уйда бинолар сони жуда кўп. Биноларнинг ҳаммаси ҳам тарихий аҳамиятга эга эмас – бу ҳақида мутахассислар хулоса берган. Қолаверса маданий мерос объектига киритилган биноларни рўйхатдан чиқаришга Вазирлар Маҳкамасининг ваколати бор. Бинолар жуда ташландиқ, ёмон аҳволда. Яна шаҳар марказида... Буларни тиклаш учун давлатнинг катта миқдордаги маблағи сарфланади. Иншоотларни инвестор олиб, чиройли қилиб таъмирлагани яхши.Биноларни бузиш мумкин эмаслигини ҳозирдан айтяпмиз. Иншоотлар сотилса ҳам бузмаслик, тарихий аҳамиятини йўқотмаслик шарти билан сотилади”, дейди Акмалхон Ортиқов.
Тарихий биноларнинг маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилиши аввалроқ, собиқ ДХХ биносининг шу рўйхатдан чиқарилгани ва бино бузилмайди, дейилганини эслатди.
Ўша вақтда Маданий меросни асрашга доир ишларни лицензиялаш, рухсатнома бериш, илмий-техник назорат қилиш бошқарма бошлиғи Баҳодир Ҳаққулов бино маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилди, дегани буткул ўчирилди, дегани эмаслиги, иншоотни сақлаб қолиш назорат қилинишини айтган эди. Афсуски орадан вақт ўтиб, тарихий бино буткул бузиб ташланди.
Мутасаддилар қайси бино бузилади, деган саволга аниқ жавоб бергани йўқ. Дастлаб, барча бинолар реконструкция қилиниши айтилган бўлса, суҳбат сўнгига келиб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва ташқи томони Алишер Навоий опера ва балет театри биносига қараган иншоот бузилмаслиги, қолганлари эса тадбиркорнинг ихтиёрига боғлиқлиги айтилди. Афсуски, бир вақтлар маданий мерос объекти сифатида рўйхатга киритилган бинолар, 2024 йилга келиб янглиш қарорлиги айтилмоқда. Нима ҳам дердик, Тошкентнинг тарихий биноларидан яна бир нечтаси номаълум инвесторлар чангалида қолаётгани ачинарли ҳол.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь