Тадбирларни сохта обрў учун ўтказмаслик керак – Турдимов эски ноутбук масаласига муносабат билдирди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги мактаблардан бирининг 8-синф ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” кўрик-танловида ғолиб бўлган Сардор Сатторов ваъда қилинган янги ноутбук ўрнига эскиси билан тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун, 21 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 55-сессиясида мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

“Мана шу масалани кўтариб чиққан журналист ва блогерларга раҳмат. Бундан раҳбарлар хулоса қилиши керак. Танқид қилган одамни ёмон кўриш керак эмас, кўтарилган муаммони ҳал этиш лозим”, дейди Эркинжон Турдимов.

Вилоят ҳокими танловни ўтказишга масъулиятсизлик билан ёндашгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарига дастлаб ҳайфсан, берилгани, кейин вазифасидан озод этилганини ҳам таъкидлади.

“Бундай тадбирларни сохта обрў орттириш, кимларгадир яхши кўриниш учун ўтказмаслик керак”, дейди Эркинжон Турдимов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги мактаблардан бирининг 8-синф ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” кўрик-танловида ғолиб бўлган Сардор Сатторов ваъда қилинган янги ноутбук ўрнига эскиси билан тақдирланганди. Ўқувчи ноҳақликка учраганини айтиб, видеомурожаат йўллаши ортидан бу масала кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Кейинроқ IT-парк танлов ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ муаммо бартараф этилганини, унга янги ноутбук совға қилинганини билдирди.

Аммо ўқувчига нисбатан ноҳақлик қилиниши ортидан Нуробод тумани Халқ таълими бўлими таълим жараёнига АКТни жорий этиш шўъбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов ишдан олинди. Нуробод туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан “ҳайфсан” олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

279

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг