Тадбиркорлик фаолиятлари ҳам “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифага ажратилади

Жамият

image

2020 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини ўрганиш ва таҳлиллар натижаларига асосан “Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси”ни (кейинги ўринларда – Белги) бериш амалиёти жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Белги Санитария-эпидемиология хизмати томонидан уч хил турдаги – “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифалар бўйича 12 ой муддатгача берилади.

Натижада мазкур белгини жорий этиш келгусида касалликлар, шу жумладан озиқ-овқатдан заҳарланишларнинг олдини олиш имконини беради.

“Яшил” тоифадаги Белгига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти Санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди (оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно).

Белги тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан (ихтиёрий) ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда давлат органлари ташаббуси билан (мажбурий) берилади.

Тадбиркорлик субъектларининг ташаббуси билан (ихтиёрий) Белгини олиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳамда пуллик асосда амалга оширилади. Бунда, кўрсатилаётган хизматлар учун олинадиган даромад Санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Санитария-эпидемиология хизмати ва Савдо-саноат палатаси манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар Белгини бериш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

тадбиркорлик

Баҳолаганлар

436

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг