Тадбиркорлардан спортчиларгача: Президент кимларни мукофотлади? (фоторепортаж)
Жамият
−
30 Август 2023 9874 3 дақиқа
Бугун, 30 август куни "Кўксарой" қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда бир қатор нуронийлар, давлат хизматчилари, олим ва педагоглар, тадбиркорлар, саноатчилар, ижодкор ва санъаткорлар, ҳарбийлар, спортчи ва мураббийларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари маросим иштирокчиларини аввало Мустақиллик байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этди.
“Халқ манфаатини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг лойиҳасини муҳокамага қўйганимизда 1 миллиондан кўп таклифлар келиб тушди. Бу нимадан далолат? Халқимиз бефарқ эмас. Йўналишларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб беряпти. Бу биз учун “йўл харитаси”. Давлатга энг катта ҳакам – халқ”, деди Президент.


2022 йил якунларига кўра, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида шинам уй-жойлар, йўл ва кўприклар, шифохоналар, боғча, мактаб, маданият ва спорт марказлари бунёд этилмоқда. Табиат қийинчиликларига қарамасдан, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиниб, озиқ-овқат хавфсизлигига эришилмоқда.


Шулар ҳақида гапирар экан, Президент улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг “Бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзларини келтирган.
Бунинг ифодасини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, жумладан, кекса авлод вакиллари, аёллар ва ёшларга ғамхўрликда яққол кўриш мумкин. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим бериш, замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, инфратузилмани яхшилаш ҳисобидан республикамизда камбағаллик даражаси сезиларли пасайган.


Давлат раҳбари маҳаллалардаги ишларни, одамларнинг фаоллигини алоҳида тилга олди:
“Биз биринчи кундан халқ ичига кириб боряпмиз. Кўп тизимларни маҳаллага туширяпмиз. Нимага? Маҳалла – давлатчилигимизнинг замини. Агар 9 минг 400 та маҳалла тинч бўлса, юртимиз тинч бўлади. Инвестиция ҳам, таълим-тарбия, қурилиш, ободонлаштириш ҳам маҳаллада бўлса, қандай ўзгариш бўлади?! Мана, “Очиқ бюджет” орқали одамлар ўз муаммосини олиб чиқиб, овоз бериб, ўзи назорат қиляпти. Шунинг учун маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича ишларимизни қатъий давом эттирамиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

Президент маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклаган. Уларни Янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорлари сифатида қадрлашини таъкидлаб, фидокорона меҳнати, ёш авлодга ибрати учун миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилган.


“Бугун мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз, бахтиёр кўзларингизни, сизлардаги баланд руҳни кўриб, очиғини айтсам, гўёки ўзим ҳам мукофот олгандек хурсанд бўлиб турибман. Ниятим: кўксингизга ярашиб турган мана шу юксак унвон ва нишонлар сизларга янги-янги куч-ғайрат бахш этсин”, деган Президент.


Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, халқимизга эзгу тилаклар билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Фармони билан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ва шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган эди. Тадбирда Шавкат Мирзиёев уларнинг фарзандларига ушбу нишонни топширган.
Акобир Сайидов
Live
Барчаси