Тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда ишлаш"дан афзал эканини тушуниб етмоқда – Президент
Жамият
−
18 Август 2023
2174Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилишидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайган. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот жараёнида маълум қилди.
“Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имкониятдан фойдаланган тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилди. Шунингдек, микро-молия ташкилотларини очиш тартиби осонлаштирилди. Бунинг натижасида мамлакатимизда банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди. Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди, натижада бу режимдан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди”, дейди Президент.
Шунингдек, Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинган ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилган. Республика ҳудудида юкларни автомобилда ташиш каби фаолият бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобига юк ташиш ҳажми 1,5 бараварга ошган.
Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, 2023 йил олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.
“Тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда ишлашдан” афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллаш бекор қилинди. Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайди, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди”, дейди Мирзиёев.
Ҳисоб китобларга кўра Ўзбекистонда бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошган. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етган. Сўнгги икки йилда корхоналар томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилган ҳамда аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь