Табиий газ тармоқларига ноқонуний уланган шахсларга жиноят иши очилди
Жамият
−
23 Январь 2023
8954Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент “Тошкенттумангаз” газ тармоқлари филиали (ГТФ) билан ҳамкорликда республика бўйича тергов ишларини ўтказди.
Унда мамлакатнинг бир қанча туманларида табиий газ тармоқларига ноқонуний уланган шахсларга нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Прокуратура Департаментининг расмий Telegram каналида маълум қилинди.
Масалан, Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими томонидан “Ҳудудгаз Бухоро” ГТФ туман газ таъминоти бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “С.С.” МЧЖ раҳбари С.Ҳ. корхонага қарашли иссиқхонани ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб, 186,9 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига 186,9 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган “M.B.” МЧЖ раҳбари А.Г. “Ёнариқ” МФЙдаги ишлаб чиқариш цехини ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб, 270,2 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган ва бунинг оқибатида эса 270,5 млн сўм миқдорда давлат ва жамият манфаатларига зарар етказган.
“Худудгаз Қашқадарё” ГТФ ҳамда Департаментнинг Қарши туман бўлими томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Ю.Д. “Истиқлол” МФЙдаги хонадонидаги иссиқхонани ўзбошимчалик билан газ тармоғига улаб олгани фош бўлиб, 184,3 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланган ва 184,6 млн сўм давлат бюджетига зарар етказган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти прокурори Президент Администрациясидан ноқонуний газга уланган ғишт заводни тармоқдан узмасликни сўрагани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов “Прокурорнинг манфаати борми бундай ноқонуний уланишга?” дея жиддий саволни ўртага ташлаган эди.