“Табибимнинг ўзи ҳам бемор”. Ишдан асоссиз бўшатилган вазирлик ходимлари пулини ололмаяпти

Жамият

image

QALAMPIR.UZ’га Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази таркибидаги Касб-ҳунарга ўқитиш бўлимида 2020 йил 14 октябрдан 2024 йил 31 декабрга қадар ишлаб чиқариш таълими устаси лавозимида ишлаб келган фуқаро мурожаат қилди. Унинг айтишича, 2024 йилнинг 26 декабрь куни ўзи ва бўлимда фаолият юритган 13 нафар ходимнинг меҳнат шартномаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малакасини ошириш маркази раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов томонидан асоссиз равишда бекор қилинган. Ходимлар судда ютиб чиққанига қарамай, ижро таъминланмаётганидан норози.

Мурожаатчининг айтишича, 2024 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Президентининг 347-сонли “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида вазирлик ҳузуридаги “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилиши белгиланган. Лекин марказ раҳбари Абдуҳалил Раҳмонов 2024 йилнинг 30 октябрида мурожаатчи ишлаб келаётган бўлимдаги барча ходимларга меҳнат шартномаси  2024 йилнинг 31 декабрига қадар бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириш хатларини тақдим қилинган ва бунга асос сифатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2024 йил 23 октябрдаги 176-сонли буйруғини кўрсатган. 

Ваҳоланки, ушбу бўлим Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 4804-сонли қарори асосида “Касб ҳунарга ўқитиш бўлими” сифатида ташкил этилган.

Ҳолатдан норози бўлган 14 нафар ходим судга мурожаат қилган. Дастлаб судда даъвоси қаноатлантирилмаганидан сўнг, улар ишга тиклаш, моддий ва маънавий зарар ҳисобидан компенсация ундириб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига мурожаат қилган. Ходимлар апелляция инстанцияси ва тафтиш судларида ютиб чиқишган. Суд ажримида ҳар бир ходим ўз лавозимига қайта тикланиши, компенсация пуллари марказ раҳбаридан ундирилиши ҳамда ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига асосан бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилган. Суд ажрими 2025 йил 23 май куни чиққанига қарамай, унинг ижроси ҳанузгача бажарилмай келинмоқда. 

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов номидан эса 14 нафар ходимга тўланиши керак бўлган 769,0 млн сўм маблағ гўёки давлат бюджетига зарар келтириши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат йўлланган.

Бугун, 17 октябрь куни вазирлик ва мурожаатчилар ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Суҳбат давомида вазирлик суд қарорини қисман бажармоқчи эканини, ходимларга тўланиши керак бўлган 769,0 млн дан 100 млн қисмини беришга тайёр эканини, марказ раҳбари Раҳмонов баҳоргача 769,0 млн сўмни бўлиб тўлашини, аммо тафтиш қарори устидан Олий судга мурожаат қилинишини билдирган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги эса марказ мустақил ташкилот эканини даъво қилиб, пулларни Раҳмоновнинг ўзи тўлашини маълум қилган. Лекин нима учун вазирлик ўз тасарруфидаги марказни молиялаштирмаса, вазир Ботир Зоҳидов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига 14 нафар ходимга тўланиши керак бўлган 769,0 млн сўм гўёки давлат бюджетига зарар келтириши ҳақида хат киритгани қизиқ.

Мурожаатчи QALAMPIR.UZ’га боғланиб, улар мутасаддилар билан ўзаро келиша олмаганини айтди. Таҳририят эса вазиятга ойдинлик киритиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг матбуот котиби Гулноза Алимова билан боғланиб, расмий муносабат сўради. Аммо у расмий муносабат бермаслигини айтди. Вазирлик воизи собиқ ходимлар билан келишувга эришилгани айтилган аудиоёзув тақдим этиб, агар ушбу ҳолат ёритиладиган мақолада вазирлик номи тилга олинса, судга бериш билан дағдаға қилди. 

Бундан ташқари, QALAMPIR.UZ’га ноҳақ ишдан олинганини айтиб шикоят қилган мурожаатчи ўзига босимлар бошланганини айтмоқда. Унга кўра, 15 октябрь куни соат 19:35 да мурожаатчига қўнғироқ бўлиб, нега оммавий ахборот воситаларига вазирлик устидан мурожаат қилаётганини сўрашган ва мақола чиқадиган бўлса, нима бўлишини ўзи яхши билишини айтишган. Бугун, 17 октябрда бўлган мажлисда ҳам оммавий ахборот воситаларида ҳолат эълон қилинмаслиги сўралган.


Мақола муаллифи

Теглар

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимлар Гулноза Алимова Абдуҳалил Раҳмонов Касб-ҳунар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг