Бажарилмаган ваъдалар, қайтган Низомиддинов, АҚШнинг қўллови, Ўзбекистонда яна “снос”– Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Дунё тебраняпти. Урушлар қайта оловланяпти. Ғазода қирғин кучайган, одамлар, айниқса, гўдаклар оч. Ўзбекистон ҳам жим турмаяпти. Узоқдаги шамол бизда ҳам сезиляпти. Иқтисодий бўҳронларни айтмайсизми?

Шу ҳафта “Сиқилма” номли қўшиқ Ўзбекистонда трендга чиқди. Балки бу қўшиқнинг оммалашиши сабаби оддий ўзбекистонликларнинг кундалик муаммо ва ташвишлари, ҳеч тўлмаётган рўзғор ғамларини куйга солгани учундир, балки. Яна ким билади дейсиз.

Энди электр ва газ нархи ҳар йили ошади

Устозларимдан бири “одатда ваъдалар бажарилмайдиган ишлар учун берилади”, деб айтарди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 337-сонли қарорига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун нархлар 2026 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилиши белгиланган эди. Аммо… Қарор кучга киришидан бир кун олдин – 31 март куни Вазирлар Маҳкамаси яна бир қарор қабул қилди ва энди электр ва газ нархи ҳар йили ошадиган бўлди!

Янги қабул қилинган қарорга кўра, 201 кВт/соатдан 500 кВт/соатгача бўлган электр энергияси истеъмоли учун алоҳида тарифлар жорий этилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарорига кўра, 2025 йилнинг 1 апрелидан электр ва газ учун нархлар ошиши кутилаётган эди. Фақат Президент топшириғига биноан бу муддат бир ойга узайтирилиб, нархлар ошиш санаси 1 май этиб белгиланди.

Кутилаётган нарх сиёсатига кўра маиший истеъмолчилар учун ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача сарфланган электр энергияси учун нарх 1000 сўмдан ҳисобланиши керак эди. Ҳукуматнинг 31 мартдаги сўнгги қарорига кўра эса, бу нарх 800 сўм этиб белгиланди.

Қисқача айтганда, ҳозирда маиший истеъмолчилар 200 кВтгача 450 сўм; 201 кВтдан 500 кВтгача 900 сўм тўламоқда. 1 майдан бошлаб эса 200 кВтгача 600 сўм; 201 кВтдан 500 кВтгача эса 800 сўм (1000 сўм ўрнига) тўланади. Шунда ҳар икки ҳолда ҳам истеъмолчилар умумий ҳисобда 360 минг сўм тўлайди.

Ана энди доим бериладиган-у, лекин бажарилмайдиган ваъдага жиддийроқ тўхталсак. Чунки Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 13 апрель куни қабул қилган ва бугунга келиб ўз кучини йўқотган “Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам электр энергияси учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади, деб ваъда берган эди.

Янги қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили 1 майда электр энергияси ва табиий газ нархлари бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилади. Яъни ҳар йили мамлакатда инфляциядан келиб чиқиб нарх кўтарилади.

Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 9,8 фоизни ташкил этганди. Бу агар жорий йилда инфляция 10 фоизни ташкил этса, келаси йилда “свет” ва газ нархининг ҳам 10 фоизга ошишини англатади.

“Тарифларнинг келгуси йилларда ҳам ошишда давом этиши бу энергетика ислоҳоти деб ном олган жараёнлар маъно-мазмунини буткул йўқотганини англатади. Ўзбек иқтисодиёти ўзи бусиз ҳам юқори бўлмаган рақобатбардошлилигини йўқотишда давом этаверади, энди тарифлар эркин бозорга ўтишдан аввалги кўприк эмас, самарасиз ва қимматлаштирилган лойиҳалар учун товон, тинимсиз ўсаётган қарзларга хизмат кўрсатиш учун аҳоли ва бизнес чўнтагидан маблағларни суғуриб олинадиган воситага айланиб қолди”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров. 

Зайнилобиддин Низомиддинов Бекобод ҳокими этиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг собиқ раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг яна сиёсий саҳнага қайтиши сўзсиз нафақат тугаётган ҳафтанинг, балки ойнинг асосий воқеаларидан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. 2022 йилнинг июлида содир бўлган Нукус воқеалари фонида лавозимидан олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган Низомиддинов 7 апрель куни Бекобод тумани ҳокимлигига тайинланди.

Шу куни ўтказилган Халқ депутатлари Бекобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этиб, туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳрат Дўстбеков йўл қўйган хато-камчиликлари учун лавозимидан озод этилганини эълон қилган ва Низомиддинов номзодини ҳокимликка кўрсатган. Депутатлар эса вилоят ҳокими таклифини бир овоздан маъқуллаган.

Зайнилобиддин Низомиддинов 2022 йилгача Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий фаолияти давомида унга хос одамлардан бири сифатида кўриб келинган. Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган кезларда Низомиддинов ҳам Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритган ва бош вазирга энг яқин амалдорлардан бўлган. 2017 йилдан кейин эса у Президент Администрациясида ижро этувчи аппарат мудири лавозимида, Зелимхон Ҳайдаровнинг ўрнида иш бошлаган. 2018-2022 йилларда эса Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаган. У кетгач, бу лавозимни Бош вазир ўринбосари даражасигача кўтарилган Сардор Умурзоқов эгалладию, фақат у ҳам узоқ қолмай, бир йилдан кейин, 2022 йилнинг 13 август куни ишдан кетди. Администрация раҳбари лавозими эса тугатилди.

Президент Администрациясидан кетишига саломатлигидаги муаммолар сабаб қилиб кўрсатилган Зайнилобиддин Низомиддиновнинг катта сиёсий саҳнанинг бир чеккасига қайтарилишини экспертлар сиёсий реабилитация, деб атамоқда. Чунки кўпчилик Низомиддиновни ўша вақтдаги Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ортидан 2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда келиб чиққан намойишлардан кейин ишдан олинганини айтади. Албатта, бу расман тасдиқланмаган. Бироқ намойишлар сабаб ушбу моддалар ўзгаришсиз қолди.

Тошкентга келган замбиялик амалдор расмий хизмат сафари пайтида вафот этди

Замбия Миллий Ассамблеяси (парламент) котиби Рой Нгулубе расмий хизмат сафари давомида пойтахт Тошкентда вафот этди. У 5-9 апрель кунлари Ўзбекистон мезбонлик қилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилейи тадбирларида иштирок этиш учун Миллий Ассамблея спикери Нелли Мутти бошчилигидаги делегация таркибида Тошкентга келган эди.

Марҳум парламент тизимида 20 йилдан ортиқ хизмат қилган ва бу даврда бой тажриба орттирган.

5 кун давом этган тадбирларга тўхталсак. 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Иттифоқнинг Ассамблеяси илк бор Марказий Осиё минтақасида бўлиб ўтди. Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири, Глобал ўзгаришлар институти раиси Тони Блэрдан, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко, Буюк миллат мажлиси Раиси Нўман Қуртулмуш каби халқаро даражада танилган сиёсатчилар Президент Мирзиёев қабулида бўлди.

Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Унинг қайд этишича, сўнгги ўттиз йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 4,5 баробарга ортган. Шунга қарамай, инсониятнинг камбағал қатламлари даромадлари деярли ўзгармаган. Агар бу тенденция сақланиб қолса, 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг 575 миллиони қашшоқликда умр кечиради. 84 миллион бола эса таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади.

“Сўнгги йилларда дунёнинг турли минтақаларида қуролли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқтисодий инқирозлар, “савдо урушлари”, терроризм ва экстремизм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Бундай ўта мураккаб шароитда жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни замоннинг ўзи талаб этмоқда”.

Мирзиёев Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бораётганини эслатди. У дунё саҳнасида давом этаётган икки йирик уруш – Россия ва Украина, Исроил ва Фаластин можаросига тўхталди.

“Жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда. Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидламоқчиман. Умид қиламизки, Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ўзининг ижобий натижасини беради. 

Энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Жумладан, Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир”, деди Президент.

Шунингдек, Мирзиёев яна Афғонистон ҳақида сўз очиб, унинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим эканини урғулади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этди.

Президент сўзини якунлар экан, Ўзбекистонда сўнгги 8 йилда 7 миллион аҳоли камбағалликдан чиқарилгани, камбағаллик даражаси 35 фоиздан 8,9 фоизга туширилгани, йил охиригача эса бу рақам 6 фоизни ташкил этиши режаланганини қистириб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси АҚШда бир қатор учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга бориб, Трамп маъмурияти аъзолари билан қатор учрашувлар ўтказди.

7 апрель куни Комилов Вашингтонда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон томони расмий ахборот бергани йўқ. АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган ахборотномада эса Абдулазиз Комиловнинг лавозими Президентнинг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили эмас, балки Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ўлароқ кўрсатилди. Ўзбекистон матбуотида эса Комиловнинг бу лавозимга тайинлангани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Учрашувда АҚШ Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши ҳамда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклиги янада илгари сурилиши таъкидланган.

Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистоннинг фуқаролик атом энергетикаси, муҳим фойдали қазилмалар ва иқтисодиётнинг бошқа бизнес соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган ҳамда ноқонуний иммиграция ва терроризмга қарши курашиш бўйича доимий ҳамкорлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирган.

9 апрель куни эса Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашди.

Саидовнинг билдиришича, у Марко Рубио билан Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги йўналишлари бўйича ҳар томонлама фикр алмашган. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий алоқаларни ривожлантириш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича умумий қарашларни чуқурлаштириш каби муҳим йўналишлар кун тартибидан ўрин олган.

“АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларини изчил қўллаб-қувватлаётганини юқори баҳолаймиз. Стратегик шериклик доирасидаги юқори даражадаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни давом эттириш орқали икки томонлама муносабатлардаги ижобий динамикани қўллаб-қувватлашга келишиб олдик”, деб ёзган у.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюснинг маълум қилишича, Ўзбекистон ИШИДга қарши кураш бўйича глобал коалицияга тўлақонли аъзо бўлишга қарор қилган ва Давлат котиби Рубио Бахтиёр Саидов билан учрашувда буни олқишлаган. Рубио, шунингдек, Ўзбекистонга АҚШдан депортация қилинганларини қайтаришга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирган. Бироқ расмий Тошкент ИШИДга қарши кураш бўйича глобал коалицияга қўшилиш борасида ҳозиргача миқ этмади.

“Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан хавфсиз атом энергияси технологияларини модернизация қилиш, мамлакатларимиз ўртасидаги сармояларни кўпайтириш, стратегик шериклигимизни янада ривожлантириш мақсадида муҳим фойдали қазилмалар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни рағбатлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга интилади”, дейди Давлат департаменти воизи.

Делегация таркибида АҚШга борган Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов эса йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашиб, фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзолаган. Шунингдек, фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини (HPGR) қуриш, инновацион технологияларни жалб этиш ва муҳим хомашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувга эришилган.

АҚШ божлари Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказадими?

АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг ташқи савдо ҳамкорларига нисбатан “ўзаро” божлар жорий этиши дунё иқтисодини издан чиқариб юборди, бу тебранишлар эса Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумки, божларнинг минимал базавий даражаси 10 фоизни ташкил этди, бироқ бир қатор давлатлар учун божлар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан савдо тақчиллигига қараб индивидуал равишда ҳисоблаб чиқилган. Масалан, Ўзбекистон учун, 10%, Хитой учун божлар 145 фоизни, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоизни ташкил қилади.

Трампга жавобан Хитой АҚШ молларига божларни 125 фоизгача кўтарди.

Ўзбекистондан бирор расмий ҳозиргача АҚШ томонидан ўрнатилган импорт божларига муносабат билдиргани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев эса тугаётган ҳафтада ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида АҚШ номини тилга олмаган бўлса-да, халқаро бозорда кузатилаётган ҳодисаларга тўхталди.  Президент дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини айтган.  

“Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларнинг бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку! Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши керак”, дейди Президент.

Айтиш ўринлики, АҚШ Президенти Дональд Трамп 90 кун давомида савдо бўйича ҳамкорларга нисбатан кенг кўламли божларни жорий этишни тўхтатиб туришини маълум қилди. Бу қарор 75 дан ортиқ давлатнинг АҚШдан божлар ва савдо тўсиқлари бўйича музокаралар ўтказишни сўрагани билан боғлиқ. Бироқ шу муддат ичида ҳар бир мамлакат учун 10 фоизлик бож амал қилади.

“Абдуллоҳ” номи билан танилган блогер қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқлар орқали ўзбекистонликларни миллий, этник, диний, ирқий ҳақоратлаб келган “Абдуллоҳ” номи билан танилган блогер Валерий Югай қамоққа олинди.

Ушбу шахс жорий йилнинг 24 март куни Абу-Даби – Самарқанд рейси орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келтирилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Валерий Югайга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болаларни жинсий эксплуатация қилиш бўйича судланган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди

Болаларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида сотиш айблови бўйича судланган Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилинди. Бу ҳақда АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон фуқароси М.А. болаларни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида сотиш билан боғлиқ учта жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилган. У қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати томонидан Ўзбекистонга депортация қилинган.

Шунингдек, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги бундай жиноятларга қарши кураш доирасида “Know2Protest” номли миллий кампания давом этаётганини эслатиб ўтди. Бу кампания болалар, ўсмирлар, ота-оналар ҳамда катталарни интернетдаги жинсий зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя ва хабардор қилишга қаратилган дастур ҳисобланади.

Тугаётган ҳафтада эса Ўзбекистон Болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш бўйича “Богота Чақириғи” ташаббусига расман қўшилди. Ушбу янгиликда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг UNICEF болалар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида янгради.

Чақириқ болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий ҳимоя, маълумотларга асосланган ёндашувлар, болаларни ҳимоя қилиш тизимларини мустаҳкамлаш, рақамли муҳитдаги хавфларни бартараф этиш, асосий манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш каби устувор йўналишларни қамрайди.

Президентнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева эса халқаро ташкилотлар вакиллари қаршисида Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ муаммоларни очиқ айтди.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда 13 миллион бола истиқомат қилади, бу мамлакатимиз аҳолисининг 35 фоизини ташкил этади. Ҳар бир оилада ўртача 3-4 нафар бола тарбияланмоқда. Афсуски, кўпинча оилаларда зўравонлик унсурларини ўз ичига олган тарбия усуллари қўлланилади. Болаларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳамон энг долзарб ижтимоий масалалардан бири бўлиб қолмоқда”, деди у.

Май ойида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кучга киради. Ўзбекистонда давлат аллақачон болалар меҳнатидан воз кечган бўлса-да жамиятда, оилада болалар меҳнатидан фойдаланиш, уларни таълимдан ажратиб олган ҳолда, оғир меҳнатга мажбурий-ихтиёрий жалб қилиш, тиланчиликка ундаш каби ҳолатлар кўп учрайди. Ҳозир қайси ресторан ёки кафега борманг, қайси чорраҳада тўхтаманг, тиланчилик билан шуғулланаётган болаларга кўзингиз тушади. Болаларга нисбатан таълим муассасалари ва оиладаги зўравонлик эса ортгандан ортиб бормоқда. Ўзбек оилалари ҳамон зўравонликни тарбиянинг асосий қоидаси, деб билади. Афсуски, мамлакатда аллақачон ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан боғлиқ қоидалар мавжуд бўлса ҳам бу амалиётда қўлланилмайди. Ҳар ҳолда мен бугунгача бирор тиланчиликка мажбурланаётган боланинг ота-онаси ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, бола давлат назоратига олинганини эшитганимча йўқ.

“Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуаси реконструкцияси ортидан 217 та уй бузилади

Самарқандда яна “снос”. “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуаси реконструкция қилиниши муносабати билан нақ 217 та уй бузилади. Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ушбу маълумотни тасдиқлади.

Билдирилишича, Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларини қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Унга кўра, “Имом Мотуридий” ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида 217 та фуқарога тегишли бўлган тураржой бинолари бузилади.

Бошқарманинг маълум қилишича, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ уй-жойлари бузилаётганларнинг тураржойлари бозор қийматида ҳисобланади ва белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.

Гап келганда, айтиб кетай. Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда яқин йилларда аҳоли сони 40 миллионга етиши, бундай ўсишда йилига 140-150 минг хонадонга талаб пайдо бўлиши муҳокама қилинган.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, республикада 17 мингта 2-3 қаватли эски уйлар бор. Улардаги шароит, муҳит бугунги замонга муносиб эмас. Электр, газ, сув ва бошқа инфратузилмалар эскирган, кўпларида оқова тармоғи ҳам йўқ. Шуларнинг ўрнида замонавий уйлар қурилса, ҳозиргидан 3 баробар кўп аҳоли жойлашади.

Давлат амалдори хизмат хонасида гиёҳванд модда истеъмол қилди

Мен авваллари давлат идораларидаги амалдорлар орасида ҳам гиёҳвандликка берилганлари ҳақида эшитгандиму лекин кун келиб уларнинг сири фош бўлиши, ҳатто, хизмат хонасида гиёҳванд модда истеъмол қилаётган вақтида қўлга тушишини ўйламаган эканман.

Тугаётган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари хизмат хонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилаётгани экс этган сурат тарқалди. Аввалига вилоят бошқармаси бунга муносабат билдириб, уни хаспўшлашга уринди, ҳолат ИИБ томонидан тасдиқланмаганини айтиб чиқди.  

Худди шу пайтнинг ўзида эса Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га мазкур ҳолат юзасидан тезкор-қидирув тадбири ўтказилгани, натижада мансабдор шахсдан 0,69 грамм гашиш моддаси мусодара қилингани, суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, модда гиёҳвандлик моддаси, деб топилганини билдирди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бу баёнотдан кейин Андижон вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси яна тилга кириб, наша чекиб ўтирган икки амалдор билан меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилди.

Оилавий зўравонликдан жабрланганлар никоҳдан ажрашаётганда муҳлат тайинланмайди

Энди Ўзбекистонда оилавий зўравонликдан жабрланган шахс талабига кўра никоҳдан ажрашаётганда муҳлат тайинланмайди. Тугаётган ҳафтада “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Янги қонун билан Оила кодексига киритилган қўшимчага кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди. Хуллас, ажрашиш янада осонлашди. Лекин мусичанинг ҳам ини бузилмасин, дейди халқ. Бизни кўраётганларнинг оиласига офият тилаб, кўришгунча!


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Самарқанд Дональд Трамп Андижон Шаҳноза Мирзиёева бож савдо уруши Абдуллоҳ Оилавий зўравонлик Имом Мотуридий Валерий Югай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг