“Свет” ўчиши – тарих эди”. Танқидлар гирдобида қолган Норбоева аслида нима деганди? (видео)

Жамият

“Свет” ўчиши ва зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил аввалги тарих эди, ҳозир бу тарих ҳаммаси бартараф қилинди”. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг юқоридаги сўзлари бугун ижтимоий тармоқлар муҳокама майдонида трендга чиқди, десак муболаға бўлмайди. Норбоеванинг сўзлари туширилган 9 сониялик видео ортидан тармоқда унга нисбатан жавоблар сони ортди. Видеомурожаатларда кимдир айни вақтда уйида чироқ йўқлигидан нолиса, яна кимдир аллақачон электр энергиясидан телевизор кўришга фойдаланмай қўйишгани, Янги Ўзбекистонда ҳам болалар шам ёруғида дарс қилаётганини айтади. 

Хўш, Танзила Норбоева юқоридаги фикрлар билан нима демоқчи эди? Аслида бу масала қачон кўтарилдию Сенат раисининг “свет” ўчиши билан боғлиқ масалага муносабати қандай бўлганди? 9 сониялик видео умумий фикр шаклланишига ва кимнидир айбдор қилишга етарли асос бўлолмайди.

Сенат раиси Танзила Норбоева жорий йилнинг 18 октябрь куни “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги очиқ мулоқотда иштирок этди. Унга QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова қуйидаги савол билан мурожаат қилган: 

“Биз Тошкент вилоятининг Пскент туманида бўлдик. Шу қишлоқда яшаётган аёллар сайлов кунини билса-да, аммо номзодлар ҳақида умуман маълумотга эга эмаслар. Телевизор кўрай деса, “свет” йўқ. Кун давомида далада ишдан ортишмайди. Биз бугун аёлларнинг сайлов ҳуқуқлари ҳақида гапираётган эканмиз, қишлоқда яшаётганларнинг номзодларни танимаслиги уятли ҳолат эмасми?”

Ушбу саволга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева қуйидагича жавоб берган:

“Саволингизни биринчи қисмига жавоб беришни бошлайман. Бугун аҳолига яхши шароит яратиш, инфратузилмаларни янгилаш борасида ислоҳотлар олиб борилмоқда. “Обод қишлоқ, “Обод маҳалла” дастурлари, уларнинг доирасида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида яхши биласиз. Айни шу дастурлар доирасида ишлар, ислоҳотлар кетяпти. Электр энергия, газ билан таъминлаш ва йўлларни соз ҳолатга келтириш масалалари босқичма-босқич амалга ошириляпти. Менимча буткул “свет” ўчиб, зулматда ўтирибмиз, деган аҳолини ўзи йўқ ҳозир. Ҳамма жойда “свет” бор. Лекин қандайдир сабаб билан ўчган бўлса, бу айнан ўша жойдаги мутасаддиларни айби билан бўлган ҳолат, деб айтиш мумкин”.

Очиқ мулоқот давомида Халқ демократик партияси Зангиота тумани кенгаши раиси Моҳира Акромова QALAMPIR.UZ журналистининг қишлоқ аёллари номзодларни танимаслиги ҳақидаги фикрларига эътироз билдирди.

“Воқеа жойига бориб муаммоларни ўрганаётган журналистларга раҳмат. Лекин қолганларнинг қилган ишлари, меҳнатини ҳам қадрлашларини сўрардим. Пскент ҳақида гапирганларида тарғибот ҳақида ҳам урғуладилар. Тошкент вилоятининг раҳбари Мақсуда Ворисова. Биз улар билан ишчи комиссиясини тузиб, шахсан ўзим Пскент туманида бўлиб, аҳоли вакиллари ва аёллар билан гаплашдим. У ерда ҳам жуда яхши тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Биз нафақат уйда ўтирган аёллар, балки далада меҳнат қилаётганлар билан ҳам гаплашиб, тарғибот олиб бордик. Тарғибот давомида аёллар ўзларини қизиқтирган саволлар билан юзландилар. Ўзбекистондаги ўзгаришлар, аёлларга берилган имкониятлар ҳақида ҳам сўз борганди. ХДПнинг шижоат билан олиб борган ишларини бир оғиз гап билан йўққа чиқаришларига қаршиман. Тарғибот ҳақида барча ОАВ орқали эълон қилинмоқда. Ҳар бир партия ўз тарғиботини олиб бормоқда ва буни йўққа чиқариш нотўғри. Нафақат ХДП, балки бешта партия қўлни қўлга бериб ишлаяпти”, деган эди ХДП фаоли. 

Партия вакилининг эътирозидан кейин Танзила Норбоева вазиятга хулоса ясар экан, журналист ва партия фаолларини муросага келтириш, партиянинг фаолларининг меҳнатини қадрсизламаслик учун шундай жавоб берди:

“Тушунтириш берганингиз учун раҳмат. Умуман олганда “свет” ўчиши ёки зулматда ўтириб, телевизор кўролмаслик бу беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир бунақа тарих йўқ”.

Ижтимоий тармоқларда ҳам Сенат раиси Норбоеванинг айнан мана шу охирги гаплари тарқатилди. Танзила Норбоеванинг тўлиқ жавобига қарайдиган бўлсак, у айрим ҳудудлардаги электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ўша жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли юзага келаётганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

399

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг