“Свет” ўчиши 10 дақиқадан 2 соатгача давом этяпти. Вазирлик электр таъминоти бўйича маълумот берди
Жамият
−
13 Ноябрь 2021
10040Аввалроқ, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг “Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги очиқ мулоқотда “Свет” ўчиши ва зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил аввалги тарих эди, ҳозир бу тарих ҳаммаси бартараф қилинди”, деган сўзлари ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Энергетика вазирлиги мазкур баҳсларга муносабат билдириб, ҳозирги кунда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилиш ҳолатлари кузатилаётган бўлсада, бироқ сўнгги йилларда электр энергияси таъминоти сезиларли даражада яхшиланганини қайд этган.
“Ҳақиқатан ҳам электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар ҳали ҳам учраб турибди. Бироқ кўп ҳолларда, бу 10 дақиқадан 2 соатгача бўлган қисқа муддатли узилишларни ташкил қилади.
Бироқ, шу ҳам эсда тутиш керакки, яқин ўтмишда барчамиз “оммавий ўчириш” ҳолатига дуч келар эдик. Аслида, бу энергия сарфини тежаш учун маълум бир жадвалга мувофиқ амалга оширилган узилишлар эди. Фақатгина 5 йил олдин тугатилган “оммавий ўчиришлар”нинг сабаби эса оддий. Йиллар давомида электр энергияси истеъмоли ўсишига қарамай, бир хил энергия баланси шаклланган ва мавжуд балансни тенг тақсимлаш мақсадида деярли ҳар куни 6 ёки ундан кўпроқ соатга электр энергия таъминотида узилишлар рўй берган. Масалан, ўша йилларда Қашқадарё вилоятида ана шундай режали ўчиришлар кунига 18 соатгача етган. Аҳолининг сўзларига кўра, ўша вақтларда эрталаб ва кечқурун фақат 2-3 соат электр энергияси берилган, холос”, дейилади вазирлик мурожаатида.
Расмий мурожаатда таъкидланишича, 25 йил давомида маълумотларга кўра, мамлакатда электр энергияси истеъмоли бор йўғи 20 фоизга ўсган. Сўнгги 5 йил ичида электр энергияси истеъмолининг ўсиши йиллик 11 фоизни ташкил қилади.
Вазирлик сўнгги 5 йил давомида энергия баланси аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилганини алоҳида урғулаган.
“Натижада, биз кунлик узоқ муддатли ўчиришларга барҳам бердик, маълум сабабларга кўра юзага келаётган қисқа муддатли электр таъминотидаги узилишлар эса туну-кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар томонидан зудлик билан бартараф этиб борилмоқда.
Бу каби узилишларнинг бир неча йил аввал Самарқанд, Бухоро, Урганч ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида деярли ҳар куни 4-6 соат давомида электр таъминотисиз қолган ўтмиши билан алоқаси йўқ! Мамлакатимиз энергетика соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, истиқболли лойиҳалар электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми нафақат анъанавий иссиқлик электр станциялари ҳисобидан балки қуёш ва шамол электр станциялари орқали ҳам ошириб борилмоқда”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, 1991-2016 йилларда ёки 25 йил ичида республика бўйича 9 300 км электр узатиш тармоқлари ва 4 800 та трансформаторлар янгиланган.
2017-2021 йиллар давомида (охирги беш йилда) 40 600 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 12 900 та трансформаторлар янгиланмоқда. 4 600 МВтдан зиёд янги қувватлар ишга туширилмоқда
LiveБарчаси