“Свет”ни ўчириб-ёқишга масъул бўлган 4 амалдорга ҳайфсан берилди

Жамият

image

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” филиали директори Анвар Музапов ва “Тошшаҳарнур” ДУК директори Умидбек Ражабовга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, бугун, 7 декабрь куни Энергетика вазирлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,  шунингдек, прокуратура органлари ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича тузилган махсус штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган. 

Унда ҳозирги кунда энергия ресурслари таъминотидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг йечимлари, бу борада олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилган. 

Йиғилишда махсус штаб ташкил этилганига қарамай, жойлардаги ҳудудий штабларнинг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаганлигига алоҳида урғу берилган. 

“Айрим масъул раҳбарларнинг долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишда ишларни тўғри ташкил қилмаётганлиги, бунинг натижасида тизимда кўплаб техник носозликлар содир бўлаётгани, энергия тежамкорлик масалаларида камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳамда электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаётгани истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қаттиқ танқид қилинди. 

Шу ва бошқа камчиликларга йўл қўйганлиги учун “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” филиали директори Анвар Музапов ва “Тошшаҳарнур” ДУК директори Умидбек Ражабовга ҳайфсан берилди”, дейилади вазирлик хабарида. 

Йиғилишда ёқилғи-енергетика тармоғидаги муаммоларни бартараф этишда кўрилаётган чора-тадбирларни виждонан амалга ошириш ва бунинг натижасида истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бош мезон эканлиги, бунда эса соҳада ижро интизоми масаласи ниҳоятда муҳимлиги алоҳида таъкидлангани айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

425

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг