Сузук ота ким бўлган?
Бу қизиқ
−
10 Май 2019
27277Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сузук ота мажмуасида бўлиб, зиёратгоҳда олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.
Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 26 май куни Шайхонтоҳур туманида олиб борилаётган ишлар билан танишиш давомида Сузук ота масжиди ва мақбарасини реконструкция қилиш бўйича кўрсатма берганди.
Президент кўрсатмасига биноан 2017 йилнинг 28 август куни Сузук ота жоме масжидининг илк ғишти қўйилди. Шундан сўнг, Президент 2018 йил 9 август куни қурилиш ишлари билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар учун уй-жой қуриш кераклигини таъкидлаганди.
Сузук ота ким бўлган? Нега Президент унинг мақбарасини реконструкцияи қилишни буюрган?
Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган. У киши Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган.
Балоғатга етгач, кароматлар соҳиби Тошкентдаги "Чақар", "Чуқуркўприк" (Чўпонота) ва "Мирлар" маҳаллаларига туташ бўлган кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат ерда қўним топиб, шу маҳаллани обод қилишга киришади.
Сузук ота ҳунармандларнинг устози, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир.
Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб, “Менинг сузигим (суюклигим), ҳуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам шу исм билан чақира бошлаган.
Юзлаб шогирларнинг устози Сузук ота 1217 йилда вафот этган.
1363-1364 йилларда Амир Темур Аҳмад Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Хонақоҳ ва айвонда етти юзга яқин намозхон ибодат қилиши мумкин бўлган. Афсуски, 1930 йили масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Ҳужралар ўрнида корхона идораси ва омборхона қурилган. 1985-1990 йилларгача шаҳардаги энг катта гумбазли (диаметри - 10 метр) масжид бўлган зиёратгоҳ шу ҳолича қолган.
Унинг вафотидан сўнг усталар маҳалласи Сузук ота номи билан атала бошлаган. Мақбара Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган.
XX асрда маҳалла номи “Бауман”, “Коминтерн”, “Қаҳрамон” ва “Обод” деб ўзгартирилган. Мустақилликдан сўнг маҳаллага Сузук ота номи қайтарилган.
LiveБарчаси