Сузоқдаги фожиада террорчилик аломати борми? Қамчибек Ташиев жавоб берди
Олам
−
03 Май
20325Манасчилар тадбирини ташкил этишда кўплаб хатоларга йўл қўйилган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Сузоқда содир бўлган фожиага изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокурорлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Айрим оммавий ахборот воситалари жар солаётганидек, Сузоқдаги воқеада бирор террорчилик ёки жиноий фактлар аниқланмади. Бу бепарволик ва хавфсизлик чораларига риоя қилмаслик оқибатидир. Тадбирни ташкил қилишда кўплаб хатоларга йўл қўйилган. Биринчидан автотураргоҳлар ташкил этилиши керак эди. Шунингдек, бу ерда болаларнинг ёнида бегона одамларнинг бўлишига рухсат берилишини ҳам тушуниш қийин. Бу арзимасдек кўринган камчиликлар йиғилиб катта фожиага айланди”, деган Ташиев.
Унинг қўшимча қилишича, бундан буён хавфсизлик чораларига эътибор кучайтирилади. Унга риоя қилмаганлар эса жавобгарликка тортилади.
“Раҳбарлар, маҳаллий ҳокимият ва бошқа органлар, ким бўлишидан қатъи назар, хавфсизлик чораларини бузса, биз уларни текширамиз ва жавобгарликка тортамиз. Президентимиз бу ишни назоратга олиш бўйича топшириқ берди. Давлатимиз раҳбари номидан реанимацияда ётган болаларнинг ҳар бирига Президент жамғармасидан 200 минг сомдан маблағ ажратилди. Қолганлари эса 50 минг сомдан олади. Бундан ташқари, шифокорлар консультация ўтказадилар, агар жабрланганларни Бишкекда даволаш зарурати туғилса, улар самолётда етказилади”, деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Маълумот учун, Жалолобод вилояти Сузоқ туманида ўтказилган ёш манасчилар танлови фожиа билан якунланди. Тадбир яйловда бўлиб ўтган. Мактаб ўқувчилари "Манас" достонидан парчалар ўқиган. Мушоира пайтида йиғилган ўсмирларни Porter русумли юк машинаси уриб юборган. 35 киши жароҳатланган, 20 киши шифохонада. Ҳайдовчи ҳибсга олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь