Сувнинг ҳам тарозиси бор
Жамият
−
29 Август 2019
10245Сув — ҳаёт манбаи. Уни авайлаб-асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Маълумотларга қараганда, Ер юзи аҳолисининг учдан бир қисми сув ресурсларига нисбатан ўта оғир муҳтожликни бошидан кечирмоқда. Сайёрамизда ичимлик сувининг камайиб бораётгани, дарёларнинг ярмига яқини ифлосланган, уларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Шунингдек, Ер юзидаги ботқоқликлар майдони ва ички сув ресурслари қисқармоқда.
Ҳар куни дунёда 6 минг бола санитария – гигиена қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган сув истеъмол қилгани туфайли ҳалок бўлмоқда.
Сув билан боғлиқ муаммо Марказий Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Бугунга келиб, Ўзбекистон сув танқислиги бўйича дунёдаги 164 мамлакат рўйхатида 25-ўринни эгаллаганини Жаҳон ресурслари институти маълум қилди. Унга кўра, Ўзбекистон сув танқислиги юқори бўлган 27 мамлакат рўйхатида. Улар орасида Қирғизистон, Афғонистон, Арманистон, Туркия, Италия ва бошқа давлатлар бор. Шундай қилиб, Ўзбекистон рейтингнинг 8-қаторидалиги маълум бўлди. Мамлакатда чучук сув захиралари чекланган бўлишига қарамай истеъмолдаги сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарф этилади.
Ўзбекистоннинг асосий сув манбалари бўлган Амударё ва Сирдарё трансчегаравий аҳамиятга эга экани ҳисобга олсак, сув билан боғлиқ мураккаб жараёнларнинг гувоҳи бўламиз. Айнан сувдан оқилона фойдаланмаслик, чўлларни ўзлаштириш, пахта экишга зўр бериш сабаб ўтган асрнинг 60-йилларидан қуришни бошлаган Орол денгизи бугунга келиб, глобал муаммолардан бирига айланди. Мамлакатнинг шимолий ҳудуди ҳисобланган Хоразм вилояти Орол денгизига яқин ҳамда шу туфайли катта талофат кўрган ҳудудлардан бирига айланди.
Ҳозирга келиб, вилоят қишлоқ хўжалигидаги ерларнинг қарийб 98 фоизини шўр босган. 25-28 август кунлари Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидан сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида БМТ Тараққиёт Дастури ва Марказий Осиё минтақавий марказининг Ўзбекистондаги филиали томонидан 2-ва 3-компонентлари томонидан ОАВ вакиллари учун Хоразм вилоятига медиа тур уюштирилди.
Унда QALAMPIR.UZ мухбири ҳам иштирок этди. З кун давом этган медиа тур доирасида журналистлар вилоятнинг Янгибозор ҳамда Урганч туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Хусусан, “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида 2-компонент томонидан сув хўжалиги мутахассислари учун ташкил этилган тренинг, Янгибозор туманида сувдан унумли фойдаланишда қўлланилаётган технологиялар Бўз қальа сув истеъмолчилар уюшмаси биносининг реконструкция қилинди. “Дарёлик” каналидаги гидропостлар қурилиб, “Дарёлик-Арна” каналидаги мавжуд насос станцияларининг бошқарувини такомиллаштириш мақсадида янги энергия таъминоти тизими барпо этилмоқда. Натижада йилига 1 миллион 123 минг киловатт соат электр энергиясининг тежалишига ҳамда қарийб 5 минг гектар майдонни сув билан таъминлашга эришилади.
Бундан ташқари айни пайтда Янгибозор туманидаги ирригация тармоқларига босқичма-босқич Дастур доирасида сув сатҳини ўлчаш, анализ қилиш имконини берадиган махсус доплер ускуналари беғараз тақдим этилмоқда.
Албатта иш бу билан бирданига яхши томонга ўзгариб қолмайди. Энг аввало, аҳоли орасида сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш керак. Бу борадаги ишлар Урганч давлат университетида ўтказилган интерфаол семинар машғулотларида ҳам таъкидланди.
Мутахассислар 2020 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли Амударё ва Сирдарёни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15-20 фоизга камайишини башорат қилмоқда.
Асосан трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланадиган Ўзбекистонда иқлим ўзгариши туфайли қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб ҳозиргидан 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7-10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб 12-16 фоизга ошишини ҳисобга олсак, табиатга муносабат, жумладан, сув ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш янада муҳим масалалардан бирига айланади. Сувсизлик муаммоси қишлоқ хўжалигига, қолаверса, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига катта зарар етказиши тайин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь