Суви тоза мамлакатлар қаторида Ўзбекистон борми?
Бу қизиқ
−
26 Октябрь 2020
11888Тоза ичимлик суви билан боғлиқ глобал муаммо бугун ҳар қачонгиданда долзарб. Ер сайёраси умумий уйимиз. Aслида у инсониятга бирдек хизмат қилиши керак. Aммо одамзод сабаб бу тенглик мувозанати бузилган. Биргина тоза ичимлик сувидан фойдаланиш борасидаги нотенглик билан танишсак. Дунёнинг кўпгина давлатларида одамлар бир томчи ичимлик сувига муҳтож. Жон сақлаш учун сув излаб ҳафталаб уйдан чиқиб кетадиганлар бор.
Статистик маълумотларга қараганда, кейинги юз йилда дунёда сув истеъмоли 7 фоизга ошган бўлиб, бу ҳар бир инсон учун ажратилиши мумкин бўлган ичимлик сувининг ҳажми 60 фоизга қисқарганини кўрсатади. Келгуси 25 йил ичида эса сув захиралари яна икки маротабага камайиш эҳтимоли мавжуд.
Сингапур сувни қайта ишлаш борасида муваффақиятга эришган. Масалан, Сингапур – Малакка ярим оролининг жанубида жойлашган кичик мамлакат. 2003 йилда мамлакатда сувни қайта ишлаш бўйича биринчи ташкилот – НЕWАТЕР иш бошлаган. Унда тозалаш ускуналари ва сувни тайёрлаш стациялари мавжуд: бу ерда аҳоли ва корхоналардан оқава сувлар келади ва тозаланади.
Резервуар (таҳр. сув захираси учун махсус катта сиғимли идиш)га келиб тушишдан аввал оқава сув тозалашнинг микрофилтрация, ултрабинафша билан зарарсизлантириш каби бир неча қўшимча даражаларидан ўтади. Завод фаолияти давомида Сингапур хукумати 65 минг турли хил тестлар ўтказган. ЖССТ эса бу сувни барча стандартларга тўғри келишини эътироф этган.
Намибия – сувни қайта ишлашнинг яна бир муваффақиятли мисоли. Aфриканинг энг қурғоқчил мамлакатида сув муаммоси деярли ярим аср аввал ҳал этилган. 1969 йилда республикадаги энг йирик шаҳар – Виндхукда шундай завод қурилган. Завод фуқароларнинг ичимлик сувига бўлган 35% талабини қондиради ва сув истеъмоли туфайли касалликлар юзага келиши қайд этилмаган. Виндхукдаги 35% сув қайта ишланади.
Швейцария нафақат шоколади, банклари ва соатлари, балки сув ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш билан ҳам машҳур. Оқимларни тозалаш технологияси, ичимлик суви сифати ва пестицидларни қўллашдан воз кечиш бўйича энг юқори балларга эга.
Швеция эса иккинчи ўринни эгаллаган. Бу скандинавия мамлакатининг кучли томонлари қуйидагилар – карбонат ангидрид гази ташламасининг минималлиги, тоза ҳавони сақлаш ва тоза ичимлик суви. Шведлар табиат муҳофазаси, жумладан, ўрмонлар, дарё ва кўлларга катта эътибор қаратишади ва шу сабабли уларда сув муаммоси йўқ.
Норвегия Швеция билан бир хил балл тўплади. Ер усти сув манбалари, ҳаво сифати, оқимларни тозалаш услублари бўйича яхши натижалар кўрсатган. Бундан ташқари, мамлакатдаги электрнинг 98% гидроелектростанциялардан олинади.
Финляндия – тўртинчи ўринда. Бу мамлакатда кўллар жуда қадрланади ва муҳофаза қилинади. Сув сифати ҳам юқори даражада. Бундан ташқари, финлар денгиз ресурсларига ва қишлоқ хўжалиги оқимларини тозалашга алоҳида эътибор қаратадилар.
Коста-Рика суви энг тоза мамлакатлар қаторига бежиз киритилмаган. Мамлакатда деярли барча оқимлар қайта ишланади, ишлаб чиқариш эса борган сари экологик усулларга ўтиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, денгиз ресурсларига янада кўпроқ эътибор беришлари керак.
Aвстрия – олтинчи ўринда. Мамлакатда оқимларни тозалаш ва ичимлик суви сифати кўнгилдагидек. Қишлоқ хўжалиги ва сув объектларини муҳофаза қилиш борасида ҳам ишлар яхши. Лекин шундай бўлса ҳам бу мамлакат рейтингнинг биринчи бешталигига кира олмади.
Янги Зеландия карбонат ангидрид гази ташламалари ва денгиз ҳудудларини муҳофаза қилиш борасида иш олиб бормоқда. Мазкур мамлакат оқимларни тозалаш, ичимлик сувини тайёрлаш ва ҳаво тозалиги бўйича аъло натижаларга эришган.
Латвия бу рейтингда Янги Зеландиядан бор-йўғи 0,1 балл орқада! Оқимларни тозалаш ва ичимлик сувини тайёрлаш, шунингдек сув манбаларига тушадиган юклама бўйича яхши натижаларни қайд этган. Лекин денгиз ҳудудлари муҳофазаси бўйича ишлар янада такомиллаштирилиши керак.
Колумбия ичимлик сувини тайёрлашда илғор ва қайта ишланмаган оқимларни деярли ташлаб юбормайди. Мамлакат экология соҳасига керакли маблағларни қаҳва ва гул етиштириш орқали олади. Шунга қарамай, колумбияликлар атроф-муҳитга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашадилар.
Рўйхатга Франция якун ясайди. Уларнинг ичимлик суви тоза, оқава сувларни тозалаш даражаси эса 100% га яқин. Лекин шунга қарамай биохилма-хиллик, денгиз қўриқхона ҳудудини ташкил этиш ва денгиз ресурсларини муҳофаза қилиш борасида ҳали бир қатор ишлар амалга оширилиши керак.
Марказий Осиё қумликларида жойлашган Ўзбекистон ҳам сув муаммосидан холи эмас. Мамлакатда қишлоқ хўжалигидаги ерларнинг катта қисми суғорма деҳқончиликка асосланади ва бунда Ўзбекистон трансчегаравий аҳамиятга эга бўлган Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёларининг сувининг катта қисмини истеъмол қилади.
Агар 1990 йилгача Ўзбекистон турли мақсадлар учун ишлатилатган сув 64 миллиард кубни ташкил этган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2019 йилга келиб бу миқдор 5-10 минг метр кубгача қисқарди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тоза сув таъминоти 68 %ни ташкил этмоқда. Мамлакатдаги 11 мингдан ортиқ қишлоқларда тоза сув йўқ. 38 % сув тармоқлари авария ҳолатида.
Унутманг сиз шунчаки, оқизиб юборадиган сув қаердадир, кимнингдир яшаши учун жуда зарур.
Мақола Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) томонидан Европа Иттифоқининг кўмаги остида амалга оширалаётган UzWaterAware лойиҳаси билан ҳамкорликда тайёрланди.
Карим ЗAРИПОВ
LiveБарчаси