“Сув, таълим ва ҳамкорлик”: Марказий Осиё ёшларини дўстликка чорлаган лойиҳа
Жамият
−
22 Июнь 2019
6141Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги(USAID), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш тармоқ маркази ҳамкорлигида "Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси доирасида Қозоқ-Немис университетининг Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикаларидан бўлган талабалари, ТИҚХММИ талабалари Сурхондарё вилоятидаги сув тақсимлаш иншоатлари, сув омборлари, насос станциялари, гидроэлектро станциялари ва қадимий обидалар билан танишди.
Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг "Smart Waters" лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Ушбу лойиҳа АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилиб келинмоқда.
Лойиҳанинг мақсади ўзаро ҳамкорликнинг профессионал тармоғини яратиш, сув ресурсларини барқарор бошқариш бўйича стратегик маслаҳатлар бериш, шунингдек, салоҳиятни ошириш ва минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлашдир.
"Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси доирасида ёзги мактаб иштирокчилари дастлаб Сурхондарё вилоятининг ташриф қоғозига айланиб улгурган маданий мерос объектларига ташриф буюрди.
Илк ташриф манзили Термиз шаҳри яқинида жойлашган «Султон Саодат» мажмуаси бўлди. Бу ерда иштирокчиларни Термиз давлат университети ўқитувчилари самимий кутиб олди ва талаба-ёшларга ушбу тарихий мажмуа тўғрисида батафсил маълумот берди.
Термиздан 3 км. шимоли-шарқда жойлашган обида тарихи жуда ажойиб. Бу ерда Муҳаммад (с.а.в) пайғамбаримизнинг авлодлари даҳмаси жойлашган. Улар Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг қизи Фотима ва халифа Али никоҳидан туғилган Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг авлодларидир. Мажмуа бир неча юз йиллар давомида шаклланган. Бу мажмуа биноларида ишлатилган ғиштларга кўра, у X-XI асарларга бориб тақалади.
Мажмуада 30 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Абдураҳмон Муаззамов бизни илиқ қарши олди.
«Асосий гумбаз остидаги мақбарада Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ал-Амирнинг қабри мавжуд. Бу ерда 12 та хона бўлиб, уларда 120 нафардан ортиқ саййидилар майити қўйилган.
Бу мажмуа атрофии 100 гектарлик қўрғон билан ўралган шаҳар бўлган дея тавсифланади. Ушбу мақбаранинг баландлиги 20 метрдан ошиқроқ бўлиб, қадимий ғиштлардан барпо этилган ва ҳозиргача жуда яхши ҳолатда сақланиб келинган», дея ҳикоя қилиб берди Абдураҳмон Муаззамов.
Ташриф якунида талаба-ёшлар ва лойиҳа иштирокчилари эсдалик учун суратга тушишди.
Шундан сўнг, Сурхондарё вилоятидаги IX-X асрларга оид "Қирққиз" қалъасига борилди.
Ушбу мажмуа Сомонийлар ҳукмронлиги даврида қурилганлигини айтилади. Маълум бўлишича, ушбу қалъада илк аёллар академияси жойлашган ва турли ўлкалардан келган қизларга турли фанлар ва жанг санъатидан дарс берилган.
Қалъа икки қаватли бўлиб, дунёнинг барча томонларига қаратилган дарвозалари бўлган. Бироқ мажмуанинг иккинчи қавати тўлиқ вайрон этилган, биринчи қавати ҳам яхши сақланмаган, деворлар ва бир нечта хоналарнинг томи ва кириш пештоқи сақланиб қолган.
Қалъада барча хоналар ва йўлаклар марказий саҳнга олиб чиққан. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу қалъанинг етакчиси Гулойим деган қиз бўлган ва у 40 дугонаси билан биргаликда душманга қаттиқ қаршилик кўрсатган ва шаҳар мудофаасини мардонавор қўриқлаган.
Баъзи манбаларда эса, бу ер шоҳ ҳарами бўлган деган хабарлар ҳам келтирилади.
Таъкидлаш керакки, лойиҳа иштирокчилари ва ўқитувчи-мураббийлар бу мажмуанинг тарихини ҳайрат билан тинглаб, эсдалик учун суратга ҳам тушди.
Шундан сўнг, йўналиш Эски Термиз шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбида жойлашган Кушон даврига оид Фаёзтепа ёдгорлиги бўлди.
Бу мажмуа жуда қадимийлиги, яхши сақланиб қолганлиги ва буддизмнинг гуллаб-яшнашига замин бўлган манзил эканлиги барчанинг ҳайратини оширди.
Унинг очилиши 1968 йил баҳорда, чўпон Абсад Бекнаев томонидан мергелий оҳак тошидан ишланган будда санамини кўчма қум устидан топиб олиб, Термиз музейига топширишидан бошланади. Ёдгорликни ўрганиш 1968-1976 йилларда бошланди. Фаёзтепа майдони қумлар уюмидан тозалангач, унинг меъморий тарҳи очилиб, 3 қисмдан иборат монументал иншоот, яъни марказий қисми тўғри тўртбурчакли айвон, ҳовлили ибодатхона ва унинг атрофи бўйлаб жойлашган 20 та хонадан иборат экани аниқланади. Майдоннинг шимоли-ғарбида ибодатхона, жануби-шарқида эса хўжалик қурилиш иншоотлари мавжуд бўлиб, бинонинг умумий узунлиги 117 метр, кенглиги 34 метр бўлган. Мажмуанинг умумий майдони 1,5 минг кв. метрга яқин.
Мана бу сиз кўриб турган жой ибодатхона бўлган. Бу ерда роҳиблар ва талабалар сиғиниши ва маросимларни адо этиши учун ўзига хос ҳайкал мавжуд ва ҳозирга қадар сақланиб қолган энг қадимги маданий мерос ҳисобланади.
Айни пайтда ушбу маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мерос объекти рўйхатига киритилган. Ҳа, айтганча мажмуага кираверишда йўл юзида музей ҳам барпо этилган. У ерда ҳудуддан топилган археологик топилмалар сақланади.
"Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси иштирокчилари Сурхондарё вилоятидаги 1985 йилда ишга туширилган "Аму-Занг 1" насос станциясига борди. Насос станцияси қисм бошлиғи Зокиржон Нортожиев иштирокчиларга иншоат ҳақида сўзлаб берди.
"Ушбу насос станциясида 5 дона қуввати 12,5 минг квт бўлган двигателлар ўрнатилган. Ҳар бир агрегат секундига 25 минг литр сувни юқорига чиқариб беради. Бу ерда доимий 4 та агрегат ишлаб туради. Насос станцияси Сурхондарё вилоятининг 100 минг гектар ер майдонини сув билан таъминлайди", деди Зокиржон Нортожиев.
Лойиҳа иштирокчилари 2013 йилда Хитойдан келтирилган янги иккита насос агрегати фаолияти билан тўла танишди. Ушбу агрегатлар электр қувватини яхши тежайди ва ҳар секундда 27 минг литр сувни юқорига чиқариб беради.
"Сув, таълим ва ҳамкорлик" (Smart Waters) лойиҳаси доирасида ёзги мактаб иштирокчилари, лойиҳа раҳбарлари "Оқ тепа" сув омборига ҳам борди.
Ушбу сув омбори 1981 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, унинг сиғими 120 млн метр кубни ташкил этади. Сурхондарё вилояти сув тизимини тартибга солишда мазкур 1150 гектарда жойлашган сув омборининг аҳамияти жуда катта.
Марказий Осиёлик талабалар мазкур иншоат ҳақида етарлича маълумот олди. Айтиш керакки, ушбу сув омборининг сув айирғичлари замонавий типда қурилган бўлиб ҳар бир каналга керакли сув миқдорини тақсимлашда муҳим роль ўйнайди.
Талабалар ушбу иншоатни кўздан кечиргач саёҳатнинг илк куни поёнига етди. Талабалар олдинда ажойиб саргузаштлар ва таассуротлар кутиб турганини билмас эди. Саргузаштлар ҳақида навбатдаги мақоламизда ҳикоя қиламиз.
LiveБарчаси