Сув хўжалиги ислоҳ қилинади – Президент қарори
Жамият
−
10 Октябрь 2019
9786Ўзбекистон Республикаси Президенти “Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли институционал ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқариш тамойиллари ва тизимини такомиллаштириш борасида чора-тадбирлар амалга оширилди.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, сув хўжалиги ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазкур соҳада бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш асосида сув хўжалиги инфратузилмасини янада яхшилашни талаб этмоқда.
Сув ресурсларини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини таъминлаш, сув хўжалигини бошқариш соҳасида бозор тамойиллари ва механизмларини жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фанни ривожлантириш мақсадида:
1. 2022 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти фаолиятининг қуйидаги устувор йўналишлари ва самарадорлигининг муҳим кўрсаткичлари белгилансин:
а) сув хўжалиги вазири қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:
сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш соҳасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;
2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш;
2020 йилдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотларининг сув етказиб бериш бўйича харажатларининг бир қисмини сув истеъмолчилари томонидан қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;
сув хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестициялар, қарзлар ва грантлар жалб қилишни кенгайтириш орқали сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатларининг жами ҳажмидаги бюджет маблағлари улушини босқичма-босқич камайтириш;
сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига фаол кўмаклашиш, замонавий суғориш тизимларини ишлаб чиқариш қувватларини хусусий инвестициялар жалб қилиш ҳисобига кенгайтириш орқали сув тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда суғориладиган ерларнинг улушини суғориладиган ерлар умумий майдонининг камида 10 фоизигача етказиш;
б) вазирнинг биринчи ўринбосари қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:
сув хўжалигини институционал, техник ва технологик ривожлантириш, ушбу соҳада фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш;
сув хўжалиги объектларидаги қурилиш-монтаж ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ҳисобига уларнинг таннархи пасайтирилишини таъминлаш;
сув ресурсларини бошқариш соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш орқали фойдаланиш харажатларини камида 15 фоизга қисқартириш;
сув хўжалиги соҳасидаги илмий ва илмий-техник фаолиятнинг жадал ривожлантирилишини таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳисобига сув хўжалиги соҳасидаги долзарб йўналишлар бўйича камида 10 та илмий ва инновацион ишланмани амалиётга жорий этиш;
в) вазирнинг ўринбосарлари қуйидагилар учун шахсан жавобгардир:
сув хўжалигини инновацион ривожлантириш, илмий ишланмалар натижаларини, сув хўжалигини бошқариш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланишнинг илғор усулларини амалиётга фаол жорий этиш;
замонавий технологияларни қўллаган ҳолда сув хўжалигининг суғориш тизимларини модернизация, реконструкция қилиш ва таъмирлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини ҳар йили республика бўйича ўртача камида 1 фоизга ошириш;
энергия тежовчи ва энергия самарадор технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, насос станциялари иш режимини тартибга солишнинг самарали усулларини жорий этиш ҳисобига сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камида 10 фоизга қисқартириш;
сув-туз балансини юритиш механизмларини такомиллаштириш, ер ости сувларини меъёрда ушлаб туриш, шунингдек, мелиорация ишлари самарадорлигини ошириш орқали шўрланган ер майдонлари улушини 45 фоизгача камайтириш;
сув хўжалиги объектларини бошқариш ва улардан фойдаланиш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига 300 та сув хўжалиги иншооти ва гидроузелда сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш;
сув истеъмолчилари уюшмаларининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ролини ошириш, шунингдек, улар фаолиятининг молиявий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашиш орқали сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини тубдан ривожлантириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг:
сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни, шу жумладан, хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш орқали амалга ошириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигини (кейинги ўринларда – Лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги) ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмаси (кейинги ўринларда – “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмаси) негизида “Ўзсувқурилиш” акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда – “Ўзсувқурилиш” АЖ) ташкил этиш, шунингдек, 1-иловага мувофиқ “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмаси таркибига кирувчи давлат унитар корхоналарини масъулияти чекланган жамиятларга айлантириш;
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги бюджет ташкилотларининг штатлар сонини 2019 йил 1 ноябрдан 10 фоизга, 2020 йил 1 январдан қўшимча равишда 10 фоизга, шу жумладан, бошқарув ходимлари сонини мазкур қарорга мувофиқ 83 бирликка босқичма-босқич мақбуллаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Белгилансинки:
Лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади;
Лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ходимларига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;
“Ўзсувқурилиш” АЖ “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмасининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар ўзгартирилаётган тегишли давлат унитар корхоналарининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;
ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар устав капитали 1-иловада кўрсатилган ўзгартирилаётган давлат унитар корхоналарининг мол-мулкларини қолдиқ қийматида ўтказиш ҳисобига шакллантирилади;
“Ўзсувқурилиш” АЖ устав капитали қайта ташкил этилаётган “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмасининг мол-мулкларини қолдиқ қийматида, шунингдек, ташкил этилаётган масъулияти чекланган жамиятлардаги давлат улушини ўтказиш ҳисобига шакллантирилади;
“Ўзсувқурилиш” АЖ устав капиталидаги акциялар давлат пакети бўйича акциядор функцияларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги амалга оширади;
қайта ташкил этилаётган “Ўзсувқурилиштаъминот” республика бирлашмасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимлари штатлар сони Сув хўжалиги вазирлиги тизимида сақланиб қолинади;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимининг штатлар сонини мазкур қарорга мувофиқ мақбуллаштиришдан бўшайдиган маблағлар Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақини оширишга йўналтирилади.
4. Лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бошқарув ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 26 бирлик этиб белгилансин.
5. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирига, зарур ҳолларда, Лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган Сув ресурсларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига ушбу кичик бандда назарда тутилган “Йўл харитаси”га киритилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
6. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан:
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларига ўтказилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаларининг белгиланган лимитдан ортиқча электр энергияси учун тўлов харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади;
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаларининг электр энергияси истеъмоли учун фойдаланилмаган лимитидан тежаб қолинган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда насос станциялари ва энергетика объектларини техник жиҳатдан ривожлантиришга йўналтирилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, шунингдек, ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ташкилотларининг:
4-иловага мувофиқ ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ташкилотлари негизида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (кейинги ўринларда – Институт) соҳага оид кафедраларининг ихтисослаштирилган синфларини жойлаштириш;
илмий ва профессор-ўқитувчилар таркибидан, лойиҳа институтлари вакилларидан, шу жумладан, чет эл мутахассисларидан иборат бўлган, шунингдек, сув хўжалигида лойиҳалаштиришнинг замонавий усуллари ва стандартларига амалиётда ўқитиш учун иқтидорли талабаларни жалб қилган ҳолда Институт ҳузурида ихтисослаштирилган лойиҳа гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
а) Институт соҳага оид кафедраларининг тегишли ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ташкилотлари негизида жойлаштирилаётган ихтисослаштирилган синфларида талабаларнинг амалий ва лаборатория машғулотларини, шунингдек, ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўташи “ишлаб чиқаришда бир кунлик машғулот” тамойили бўйича амалга оширилади;
б) Институт ҳузуридаги ихтисослаштирилган лойиҳа гуруҳининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
сув хўжалиги ва аҳоли пунктлари сув таъминоти объектлари қурилиши, реконструкция ва модернизация қилинишини лойиҳалаштириш;
сув хўжалиги ва сув таъминоти соҳасидаги лойиҳа-қидирув ишларини ва лойиҳалар амалга оширилишини илмий-техник жиҳатдан кузатиб бориш;
сув хўжалиги объектларидан фойдаланишнинг ишончлилиги ва хавфсизлигини, шунингдек, сув хўжалиги объектларининг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш ва уларни ҳисоблаш асосларини ишлаб чиқиш.
8. 2020 йил 1 январдан:
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилган ҳолда сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан амалга ошириладиган лойиҳаларга кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш бўйича махсус компонент киритиш;
илмий ва илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш мақсадида сув хўжалиги объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-қидирув ишлари қийматининг ҳисоб-китобига лойиҳа-қидирув ишлари умумий қийматининг 10 фоизигача миқдорда қўшимча маблағлар киритиш амалиётга мажбурий жорий этилсин.
Белгилансинки:
ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларнинг 50 фоизи лойиҳа-қидирув ишларини илмий-техник жиҳатдан кузатишни молиялаштиришга йўналтирилади, уларга фақат маҳаллий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек, алоҳида олимлар белгиланган тартибда жалб қилинади;
ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларнинг қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Бунда мазкур маблағлар фақат сув хўжалиги соҳасидаги долзарб муаммолар бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини молиялаштириш мақсадида республика таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига грантлар ажратиш учун сарфланади.
9. 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳар чоракда тегишли туман халқ депутатлари Кенгашига сув ресурсларини бошқариш, сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини яхшилаш, шунингдек, ушбу туманда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ҳолати тўғрисида ҳисобот киритади.
Вилоятлар ва туманлар халқ депутатлари Кенгашларига халқ депутатлари Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари иш режаларини ишлаб чиқишда ижро этувчи ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сув хўжалиги соҳасидаги ишлар ҳолати тўғрисидаги ахборотини бир йилда камида икки марта эшитишни назарда тутиш тавсия этилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
бир ой муддатда сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини ривожлантиришни, шу жумладан, бошқарув тизимини такомиллаштириш, сув истеъмолчилари уюшмаларининг молиявий барқарорлигини ва улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун йиғимлар тўлиқ тушишини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари жойлашувини ва улар томонидан хизмат кўрсатилаётган ҳудудлар чегараларини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинишини;
икки ой муддатда 5-иловада кўрсатилган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари, шунингдек, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар Лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига ўтказилишини;
Ўзбекистон Республикаси номидан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари манзилига Лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги сув хўжалиги соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ижрочи агентлик этиб белгиланганлиги тўғрисидаги хабарномалар юборилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда:
Лойиҳаларни амалга ошириш агентлигини сақлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши;
Лойиҳаларни амалга ошириш агентлигига ўтказилаётган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари белгиланган тартибда фаолияти 5-иловада кўрсатилган инвестиция лойиҳалари доирасида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган юридик шахсларга ўзгартирилиши назарда тутилсин;
б) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда:
6-иловага мувофиқ сув хўжалиги объектларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича устувор инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;
кўрсатилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилишига қараб, уларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорга мувофиқ Сув хўжалиги вазирлиги тизимининг штатлар сони мақбуллаштирилиши натижасида ишдан бўшатиладиган ходимларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича чоралар кўрсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3672-сон қарорига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 9 октябрь
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь