“Сусамбилга йўл олиб”. Жанубий Корея фуқароси КХДРга қочиб ўтди
Олам
−
03 Январь 2022
10626Жанубий Корея фуқароси 2022 йилнинг илк кунида Шимолий Кореянинг қаттиқ қўриқланадиган чегара ҳудудидан қўшни мамлакатга қочиб ўтган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Сеулдаги мудофаа бошқармаси хабар берган.
Мудофаа бошқармасининг маълум қилишича, қочоқ жорий йилнинг 1 январь куни, маҳаллий вақт билан соат 21:20 ларда икки давлатни ажратиб турувчи Демилитаризация зонасидан шарқий қирғоқ томон ҳаракатланиб кетаётгани аниқланган.
“Биз дарҳол Шимолий Корея томонини вазият ҳақида огоҳлантирдик. Ҳозирда қочоқ тирик ёки ўлган экани номаълум”, дейди Жанубий Корея Бирлашган ҳарбий штаби бошлиғи.
Қайд этилишича, Жанубий Корея ҳарбийлари томонидан олиб борилган бир неча соатлик қидирув ишларига қарамасдан, шахс барча радарларни четлаб ўтиб, яширинишга муваффақ бўлган.
Сўнгги пайтлар содир бўлаётган шунга ўхшаш бир неча ҳодисалар ортидан, Жанубий Корея томони ўз чегараларини қаттиқ тартибда қўриқлаш тизимига ўтган.
Ўз навбатида Шимолий Корея эса пандемия сабабли чегарадан ўтмоқчи бўлганларга қарата тўғридан-тўғри ўқ узиш сиёсатини жорий қилган.
2020 йил сентябрь ойида Жанубий Кореялик балиқчилар кемаси Шимолий Корея чегарачилари томонидан ўққа тутилиб, ёқиб юборилган эди. Пхеньян ўз хатти-ҳаракатларини вирус тарқалишининг олдини олишга уриниш дея оқлаб, Сеулдан узр сўраб чиққан.
Аввалроқ Шимолий Корея раҳбари Ким Чин Ин Жанубий Корея томонидан мамлакатга вирус кириб келганлигини таъкидлаб, фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Бунинг ортидан эса мамлакатнинг бир неча шаҳарлари тўлиқ карантинга олинган.
Маълумот ўрнида, Шимолий ва Жанубий Корея чегараси дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. У миналар билан тўлдириб, электр ва тиканли симлар билан ўралган. Ҳудуд 24 соат мобайнида кузатув камералари ва қуролланган қўриқчилар назорати остида.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси