Сурхондарёда “замҳоким” аёлларни пахта теримига чиқишга мажбурлагани айтилмоқда
Жамият
−
08 Сентябрь 7156 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфуза Тошматовага тегишли видеомурожаат тарқатилди. Унда маҳалла хотин-қизлар фаолларини пахта теримига мажбурлаш ҳолати акс этган. Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Тармоқларда тарқалган видео ва аудиоларда Дилфуза Тошматова ҳар бир фаол 5 нафардан одам олиб чиқиши зарурлигини, 150 нафар одам далани “ямламай ютиши кераклигини” айтганини эшитиш мумкин. Шунингдек, у бу ишга қаршилик қилганлар “донолик қилмасдан” кетавериши мумкинлигини, олиб ўтирилмаслигини айтган.
Билдиришича, мазкур ҳолат вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан шахсан назоратга олинган. Ҳозирда топшириқ асосида тегишли идоралар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Шу ўринда таъкидлаймизки, пахта йиғим-терими мавсуми бошланишидан олдин ҳудудларда хатлов ўтказилиб, фақатгина кўнгилли теримчилар рўйхатлари шакллантирилган. Маҳаллалардаги фаол ва ташаббускор аёллар эса отряд раҳбари сифатида белгиланган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклини қатъиян қоралайди. Ҳеч бир масъул шахсга ходимларни мажбурий равишда пахта теримига жалб этиш бўйича топшириқ берилмаган. Агар ўрганиш натижасида бундай ҳолат тасдиқланса, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилади ҳокимлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бунинг ортидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига интизомий жазо берилиши ҳамда мактаб директорининг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланди. Шу билан бирга, туман ҳокими Улуғбек Йўлдошевга таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмагани ва зарурий тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормагани учун “ҳайфсан” интизомий жазоси берилганди.
Live
Барчаси