Сурхондарёда террористик ташкилот таъсирига тушиб қолганлар ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Сурхондарё вилоятида 20 дан ортиқ экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди қарорига биноан террорчилик ташкилоти деб тан олинган ва Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” тарафдорларидан иборат ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари орасида муқаддам экстремистик ғоялар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун 2021 йилда енгиллик қўлланилиб, шартли равишда озодликка чиқарилган шахслар ҳам бўлган.

2024 йилда тузилган мазкур гуруҳ вилоятнинг тоғолди ҳудудларида ҳордиқ чиқариш ниқоби остида ўтказилган диний йиғинларда террорчилик ташкилотлари раҳнамоларининг маърузаларини тинглаб, Сурияга бориб жангарилар сафида “жиҳод” қилиш ва ўзларини портлатиш йўли билан “шаҳид” бўлиш масалаларини муҳокама қилган.

Шунингдек, улар ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ёлловчилари билан алоқа ўрнатиб, юборилган электрон йўриқномалар ёрдамида қўлбола портловчи қурилмалар ва заҳарловчи моддалар тайёрлаш усулларини ўрганган. Бу билимлардан кейинчалик қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириш учун фойдаланиш режалаштирилган. Шу мақсадда Telegram мессенжерида ёпиқ гуруҳ тузилиб, хориждаги жангарилар кўмагида назарий билимлар ўзлаштирилган.

Таъкидланишича, жиноий гуруҳнинг тўрт аъзоси тарғиботлар таъсирида Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, расмий қидирув эълон қилинган.

Суд жараёнида гуруҳнинг 20 нафар фаол аъзоси айбли деб топилgan. Улар Жиноят кодексининг 155 (терроризм), 155-2, 155-3, 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-1 ва 244-2-моддалари асосида қилмишларига яраша 6 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Гуруҳнинг қолган аъзоларига эса инсонпарварлик принципларига асосланиб енгиллик қилинган ва кечиримлилик сиёсати қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида террористик ташкилот ғоялари таъсирига тушган 21 нафар шахс қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё Сурия Тавҳид ва жиҳод катибаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг