Сурхондарёда ноёб қўнғир айиқ боласи топилди
Бу қизиқ
−
24 Январь 2023
10270Сурхондарёда ноёб қўнғир айиқ боласи топилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 24 январь куни Сурхондарё вилоятида жойлашган “Узун” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан ёлғиз юрган бир бош айиқ боласи топилган.
Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган Тян-шан қўнғир айиқ турига мансуб бўлган ушбу айиқ боласи онаси уйқуга кетишдан олдин адашиб қолгани тахмин қилинмоқда.
“Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида унинг ёввойи табиатда озуқа тополмай нобуд бўлиши ҳамда браконерлар томонидан овланиши эҳтимоли юқори эканлиги инобатга олиниб, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан айиқ боласи ветеринария кўригидан ўтказиш ва вақтинча сақлаб туриш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи қошидаги реабилитация марказига топширилмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек вазирлик Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари билан маслаҳатлашиб ,баҳор фасли бошида ушбу айиқ боласини “Узун” давлат ўрмон хўжалигидаги табиат бағрига қўйиб юборишни режалаштираётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда фуқаро уйида бўри боқаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Озода Чориева
LiveБарчаси