Сурхондарёда каналдан жасад топилди. Прокуратура баёнот берди
3-саҳифа
−
26 Октябрь 2022
11758Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги каналдан 27 ёшли фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси Матбуот хизмати маълумот берди.
Олтинсой туман ИИБ навбатчилик қисмининг жорий йилнинг 10 августидаги хабарига кўра, соат 08:00 ларда туман ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ҳазарбоғ” канали ирмоғидан Сариосиё тумани, “Жаннатмакон” маҳалласида яшаган 1995 йилда туғилган А.И.нинг жасади топилган.
Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Олтинсой туман пунктининг жорий йил 7 сентябрдаги 22-сонли хулосасида кўрсатилган ички текширув натижаларида марҳумнинг ички аъзоларидаги ўзгаришлар нафас етишмовчилиги натижасида вафот этгани ҳақидаги маълумотлар келтирилган бўлсада, эксперт хулосасининг баёнот қисми билан хулоса қисмида номутаносиб ҳолати кузатилгани сабабли марҳумнинг жасади суд ажрими асосида 9 сентябрь куни эксгумация қилиниб, комиссион суд-тиббиёт экспертизадан ўтказилган.
12 сентябрдаги 426-сонли ва 14 октябрдаги 84-қўшимча комиссион суд-тиббиёт экспертиза хулосаларида, А.И.нинг ўлими юқори нафас йўллари бурун, оғиз бўшлиғининг суюқлик билан (сув) беркитилишидан вужудга келган механик асфикция натижасида келиб чиққани, баданида аниқланган шилинмалар ва жароҳатлар хусусияти бўйича унинг ўлимидан сўнг канал бўйлаб оқиши жараёнида нотекис чегараланган юзаки жисмларга урилиши натижасида юзага келгани, унинг баданида қаршилик кўрсатиш, уриш, тепиш, жанжаллашиш оқибатида келиб чиққан тан жароҳатлари аниқланмагани, бирламчи хулосада ўлим сабаби чўкишнинг нафас йўлларини бурун, оғиз бўшлиғининг суюқлик (сув) билан бекилиши натижасидаги спастик (нафас бойламаларининг бекилиб қолиши)дан вужудга келган механик асфикция сабаб юзага келгани инобатга олинмагани сабабли тафоввут келиб чиққани кўрсатилган.
Шунингдек, А.И.нинг ўлими ҳолати юзасидан дастлабки экспертиза текшируви юзасидан хулоса беришда йўл қўйган хато ва камчиликлари учун суд-тиббий эксперт Ў.Бўтаяровга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра, марҳумнинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
LiveБарчаси