Сурхондарёда болани калтаклаган боғча тарбиячиси устидан тергов бошланди
3-саҳифа
−
15 Август
4392Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 16-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи аёл 5 ёшли болага қўпол муносабатда бўлгани, йиғлаётган тарбияланувчилардан бирига бақириб, гўёки тинчлантириш учун қўлидаги нарса билан калтаклагани ҳақида хабар берилганди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, тарбиячи A.Г. машғулот давомида 2019 йилда туғилган M.И. исмли ўғил болани беодоблик қилгани учун гўёки уни тарбиялаш мақсадида қўлидаги чизғич билан урган.
Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мустақиллик ҳақидаги шеърни ёдлатмоқчи бўлган ходим йиғлаётган тарбияланувчига бақириб, гўёки тинчлантириш учун қўлидаги нарса билан калтаклагани кўринади. Шунингдек, аёлнинг болаларга қарата “Эшаксан, бола ҳам шунақа бўладими?”, “Ўчир, овозинг чиқмасин, ҳозир деразадан отиб юбораман, қўлинг тиззангда турсин!!!”, деган буйруғи ва асабий оҳангдаги овози ҳам эшитилган.
Охирги пайтларда мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг боғча тарбиячилари томонидан калтакланиши кўп бора содир бўлмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг май ойида Андижонда боғча опа аввал икки болани уриштириб, кейин ўзи ҳам калтаклаганди. Хоразм вилоятининг Гурлан туманида жойлашган 23-сонли мактабгача таълим муассасасида боғча опа ёш болаларни калтаклаганди ва боғча тарбиячиси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганди. Шунингдек, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги 16-боғчада фаолият юритувчи тарбиячи ҳам боғча болаларини кетма-кет ёнига чақириб, шафқатсизларча юзига ва тана қисмига шиппак билан ургани учун ишдан олинди.
LiveБарчаси