Сурхондарёда ҳоким ўринбосари пора билан ушланди (видео)
3-саҳифа
−
16:19 5920 1 дақиқа
Сурхондарё вилоятида ҳокимлик захирасидаги ерни ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган ҳоким ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 9 гектар ер майдонини Шеробод туманида яшовчи фуқарога полиз экинлари экиш учун 4 ой муддатга ижарага бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилиб, жорий йилнинг январь ойида 30 млн сўм олган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 60 млн сўмни Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Ички ишлар академиясига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 12 минг АҚШ доллари сўраган шахс ушланганди.
Live
Барчаси