Суриядаги кескинликлар фонида Эрдўған аш-Шарага сим қоқди
Олам
−
19 Январь 2254 2 дақиқа
Кеча, 18 январь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан телефон орқали суҳбатда мамлакатдан терроризмнинг тўлиқ йўқ қилиниши Сурияга ҳам, бутун минтақага ҳам зарур эканлигини таъкидлаган. Бу ҳақда “Anadolu Agency” хабар берди.
Қайд этилишича, Туркия ва Сурия раҳбарлари ўртасидаги мулоқот давомида икки томонлама алоқалар ва Суриядаги сўнгги воқеалар муҳокама қилинган. Эрдўған Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлиги, бирлиги, барқарорлиги ва хавфсизлигини жуда муҳим деб билишини алоҳида таъкидлаган.
“Туркиянинг Сурияга турли соҳаларда, айниқса, терроризмга қарши кураш соҳасидаги ёрдами янада ортиб боради”, деди Эрдўған аш-Шара билан суҳбатда.
Маълумот учун, 2026 йилнинг 7 январь куни Суриянинг Ҳалаб шаҳрида Сурия армияси ва Сурия Демократик кучлари (СДК) ўртасида ҳалокатли тўқнашувлар қайта бошланганди. Зўравонликлар ва уни ким бошлагани ҳақида айбловлар алмашинуви, марказий ҳукуматга қўшилишга қаршилик кўрсатган Дамашқ ва курд расмийлари ўртасидаги келишмовчилик чуқурлашиб, ҳалокатли оқибатларга олиб келган.
Ўшандан буён то ҳозирга қадар давом этаётган тўқнашувлар ортидан Сурия армияси Курд етакчилигидаги СДК кучларига қарши жангларда Шарқий Суриянинг йирик нефть ва газ конларини эгаллади. Жумладан, мамлакатдаги энг йирик Омар нефть кони ва Conoco газ кони Сурия ҳукуматининг назоратига ўтди. Бу ҳудудлар Фурот дарёсининг шарқида жойлашган бўлиб, СДК учун асосий даромад манбаи ҳисобланган.
Live
Барчаси