Ўзбек брендлари Сурияни қайта қуради
Бизнес
−
16 Февраль 4263 3 дақиқа
Жорий йилнинг 13 февраль куни тинчилик ва барқарорлик сари дадил қадам ташлаётган замонавий Сурия – қадим Шом ўлкасидан келган 30 дан ортиқ ҳукумат вакиллари ва тадбиркорлардан иборат делегация “Қуббат-ул Ислом” – Ислом гумбази дея эъзозланган кўҳна Бухорога келди.
Улар қишлоқ хўжалиги, текстиль ва электротехника соҳаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Сурия бугун қайта тикланиш босқичида. Делегация вакиллари ўзбекистонлик тадбиркорларни мамлакатни қайта қуриш ташаббусларида фаол ҳамкорликка чорламоқда.
Ташрифнинг биринчи манзили “Made in Uzbekistan” Ўзбекистон миллий маҳсулотлари кўргазмаси бўлди. Ташриф доирасида меҳмонлар “Merganteks” пахта-тўқимачилик кластери, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Lattico” бренди ҳамда баракали ав ишончли “Artel” корхонаси фаолияти билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Бу ерда суриялик тадбиркорлар ишлаб чиқариш жараёнлари, экспорт салоҳияти ва технологик имкониятлар билан танишди. Қолаверса, ҳамкорлик масалалари ва маҳсулотларни Сурияга импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Ушбу тарихий сафар давомида биз делегацияга раҳбарлик қилаётган Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар ал-Алини суҳбатга тортиб, нольдан қайта тикланаётган Ўзбекистон ва Сурия муносабатлари, хусусан савдо масалаларида қандай муаммолар борлиги билан қизиқдик.
“Ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ, фақат битта масала бўлиши мумкин – бу логистика, яъни айрим масофаларга юк ташиш билан боғлиқ масала. Эҳтимол, ҳар икки томондан товарларни ташишни енгиллаштириш мумкин бўлар. Шундай интеграциялашган товар айирбошлаш йўлга қўйилса, ҳар икки давлат ҳам бундан фойда кўради. Савдо алмашинуви, тажриба алмашиш, шунингдек божхона тўловларини камайтириш, ҳатто ноль даражагача тушириш орқали транспорт харажатларини арзонлаштириш мумкин”, деди у.
Бундан ташқари, Аъла Умар ал-Али ўзбекистонлик ишбилармонларнинг барча талабларини қондиришга, уларнинг ишларини енгиллаштиришга, визалар ва Сурияда бўлиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишга тайёр эканини, фақат ўзбекистонлик тадбиркор Сурияга бориб, маҳсулотларини сотишса кифоя эканини билдирди.
“Биз ишбилармонларнинг барча талабларини таъминлашга, уларнинг ишларини енгиллаштиришга, визалар ва Сурияда бўлиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишга тайёрмиз. Ўзбекистонлик тадбиркорга керак бўлган барча шароитлар мавжуд ва биз биродар ишбилармонларнинг барча сўровларини осонлаштиришга тайёрмиз”, дея қўшимча қилди делегация раҳбари.
Инсон Бухорога келиб, залвори асрларни ортда қолдираётган Минораи Калонни, шаҳар тимсолига айланган кўҳна Арк қалъасини кўрмай, Лаби Ҳовуз бўйида сайр қилмай кетса, Бухорога бордим, дегани бекор. Мана шу анъанага мувофиқ меҳмонлар Шариф шаҳарнинг том маънодаги жозибасини ўз кўзлари билан кўрди. Шундан сўнг икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги кенг қамровли ва изчил тусда ўтган B2B учрашувларига старт берилди.
“Дарҳақиқат, Ўзбекистонга қилган ушбу икки кунлик ташрифимиз давомида кўрган маҳсулотларимизнинг аксарияти – хоҳ қурилиш соҳасида бўлсин, хоҳ озиқ-овқат ёки тўқимачилик саноатида – барчасига эҳтиёжимиз бор”, демоқда суриялик тадбиркорлардан бири.
Ушбу ташрифнинг аҳамияти, бунда Ўзбекистон, хусусан Бухоро билан Сурия ўртасидаги ҳамкорликдан кутилаётган натижалар ҳақида гапирар экан, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бўлиб ўтган B2B учрашувларида қиймати қарийб 500 млн долларга тенг ташқи савдо алоқаларини ўрнатиш бўйича режа қилингани, пировардида бу экспортни кенгайишига, савдо балансини мустаҳкамланишига, ишлаб чиқариш ривожланишига, солиқ тушумларининг ошишига ва камбағаллик ва ишсизликни камайишига сабаб бўлишини қайд этди.
Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube-каналида томоша қилишингиз мумкин.
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль