Сурия Россияда пул босишдан воз кечмоқчи
Олам
−
17 Май 6671 2 дақиқа
АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари юмшатилганидан сўнг Сурия янги банкноталарни Россиянинг “Гознак” корхонасида босишдан воз кечади. Бу ҳақда учта манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Дамашқ янгиланган пулларни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Германияда босмоқчи. Натижада 2024 йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Башар Асад тасвири машҳур 2000 фунтлик купюрадан олиб ташланади.
Сурия Араб ва Ғарб давлатлари билан муносабатларини яхшилаётгани натижасида Дамашқ учун янги имкониятлар очилмоқда. Икки суриялик манбага кўра, Сурия Марказий банки раҳбари ва молия вазири май ойи бошида БААда жойлашган Oumolat компаниясига ташриф буюрган ва улар билан дастлабки музокараларни бошланган. Германияда давлатга қарашли Bundesdruckerei ҳамда хусусий Giesecke+Devrient компаниялари ҳам Сурия бозорига қизиқиш билдирган.
Маълумот учун, сўнгги 10 йил ичида Россия Сурияга пул босиб берган. Бунга Европа компаниялари билан тузилган шартномалар АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари туфайли бекор қилингани сабаб бўлган. 2025 йил баҳорида ҳам Сурия Марказий банки Россиядан янги купюралар қабул қилган.
Аммо ҳозир мамлакатда нақд пул танқислиги кучайган. Суриялик расмийлар бунга фуқароларнинг фунтни жамғаришини сабаб деб кўрса, банк соҳасидаги мутахассислар эса ҳукуматнинг валюта курсини назорат қилиш мақсадида атайлаб нақд пулларни чеклаётганини айтади. Банклар мижозларга ўз омонатларини олишга рухсат бермаётган бир пайтда, тадбиркорлар иш ҳақи ва етказиб берувчилар тўловларини амалга ошира олмаяпти. “Financial Times” билан суҳбатда суриялик тадбиркор нақд пул танқислиги “таназзул даражасига етганини” билдирган.
“Одамлар энди пулларини банкка қўймаяпти, чунки улар уни қайтариб ололмасликдан қўрқмоқда”, деган у.
Бу ҳолат Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилишидан олдин ҳам кузатилган: аҳоли банк тизимидан қочишга уринарди, чунки бой омонатчиларга селектив солиқлар қўлланиши мумкин бўлган.
Маълумот учун, кеча, 16 май ҳолатига кўра қора бозор курси бўйича 1 АҚШ долларига 10 000 Сурия фунти тўғри келмоқда. 2024 йил декабрида Асад ҳокимиятдан кетганида бу курс 15 000 атрофида бўлган. Таққослаш учун, фуқаролар уруши бошланишидан аввал, 2011 йилда бир доллар атиги 50 фунтга тенг бўлган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Суриянинг Дамашқ аэропортига Россиядан юзлаб миллиард Сурия фунти етиб келганди. Ушбу маблағлар ағдарилган президент Башар Асад даврида Россияда босилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати ўнлаб миллион АҚШ долларига тенг.
Live
Барчаси