Суратга олиш вақтида 2 кишини отиб қўйган актёр “қилмишига” изоҳ берди
Маданият-санъат
−
22 Октябрь 2021
28086“Rust” (“Занг”) фильмини суратга олиш жараёнида тасодифан оператор Галина Хатчинс ва режиссёр Жоэл Соусни отиб қўйган Голливуд актёри Алек Болдуин фалокатдан сўнг, илк бор ижтимоий тармоқ орқали воқеага алоқадар изоҳ қолдирди.
“Галина Хатчинс – она, рафиқа ва азиз ҳамкасбимизнинг ҳаётига зомин бўлган фожиали воқеа туфайли менинг шок ҳолатим ва қайғуимни тасвирлашга сўз йўқ”, деб ёзди актёр ўз Твиттер саҳифасида.
Актёр, шунингдек, полиция билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилган.
“Бу фожиа қандай содир бўлганлигини аниқлаш учун полиция тергови билан тўлиқ ҳамкорлик қиляпман. Унинг (вафот этган оператор назарда тутилган – таҳр.) эри билан алоқада бўлиб турибман ва унга ҳамда унинг оиласига ўз ёрдамимни таклиф қилмоқдаман”, дея қўшимча қилди актёр.
Эслатиб ўтамиз, фильмда жиноятчи ролини ўйнаётган Болдуин эпизодда бўш патронли тўппончадан ўққа тутиши керак бўлган, бироқ якунда у ўқланган бўлиб чиққан. Фалокат оқибатида 42 ёшли оператор Галина Хатчинс ҳалок бўлган, 48 ёшли режиссер Жоэл Соус эса яраланган. Актёрга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган, у ҳозир озодликда. Суриштирув ишлари давом этмоқда.
LiveБарчаси