Сунъий интеллект аёлларга виртуал зўрлик хавфини оширмоқда – БМТ

Олам

image

Сунъий интеллект, анонимлик ва самарали қонунларнинг йўқлиги рақамли маконда аёлларга бўлган кибертаҳдид ва виртуал зўрлик хавфини оширмоқда. Бу ҳақда БМТ аёллар (UN Women)  бўлимининг кеча, 30 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида сўз боради.

Унга кўра, жамоат ҳаётидаги аёллар интернетдаги зўравонликнинг тобора кўпайиб бораётган ва янада мураккаб шаклларига дуч келмоқда. Ташкилот сунъий интеллект ёрдамидаги “виртуал зўрлаш” эндиликда жиноятчилар қўли остида эканини таъкидлаган. 

“Аёллар ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ва бошқа жамоатчилик билан мулоқот қилувчи аёллар сунъий интеллект, анонимлик ва самарали қонунлар ҳамда жавобгарлик механизмларининг йўқлиги сабаб янада катта хавфга дуч келмоқда”, дейилади БМТ аёллар бўлими ҳисоботида.

1500 дан ортиқ аёл иштирок этган сўровномада 6 фоиз аёллар “deepfake” қурбони бўлганини айтган, қарийб учдан бири эса интернет тармоқларидан жинсий мазмундаги мурожаатларни олганини билдирган. Тахминан 12 фоиз аёл ўз тасвирлари уларнинг розилигисиз, жумладан, интим ёки жинсий мазмунда тарқатилганини айтган. 

“Сунъий интеллект зўравонликни осонлаштирмоқда ва унинг таъсирини янада кучайтирмоқда. Анонимлик ва маълумот ҳамда ҳикояларнинг оммавий ахборот воситаларида тез тарқалиши эса бундай контентни янада хавфли қилади”, дейди ташкилотда аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ишларини бошқарадиган Каллиопи Мингейру.

Ҳисобот дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ва қизлар учун рақамли макон зўравонлик билан боғлиқ ҳудудга айланиб борётганини кўрсатувчи далилларни янада кучайтирган. Унга кўра, кўплаб аёллар интернетдан фойдаланиш ва зўравонлик хавфини қабул қилиш ёки ўзини чеклаш, ҳатто умуман тармоқлардан четланиш ўртасида танлов қилишга мажбур. Бу эса уларнинг касбий ва шахсий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 

“Агар аёллар, айниқса журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари рақамли макондан сиқиб чиқарилса, бундан барчамиз ютқазамиз. Аёл журналистларнинг роли ҳақиқат қандай етказилиши ва қайси ҳикоялар айтиллишини белгилашда жуда муҳим. Агар аёллар жамоат ҳаётидан ва рақамли макондан сиқиб чиқарилса, қўлга киритилган ҳуқуқлар емирилиб боради”, дейди Мингейру.

Ҳисоботда айтилишича, бу жараён авторитаризм кучайиши, демократиянинг сусайиши ва “manosphere” каби аёлларга нисбатан нафратни тарқатувчи тармоқлар фонида янада хавотирли тус олади.

Гендер тенглигига қаршилик технологиялар орқали ҳам кучайиб борётгани, улар фойда олиш мақсадида аёлларга нисбатан нафратли нутқни кенг тарқатиши ҳисоботда айтиб ўтилган. Унда аёлларнинг суратларидан уларнинг розилигисиз кийимларини “олиб ташлаш” ёки уларни жинсий зўравонликка учраган қилиб кўрсатишга қодир сунъий интеллект иловаларига ишора қилинган.

Мингейрунинг айтишича, бу ҳужумлар “мувофиқлаштирилган ва атайлаб амалга оширилади” ҳамда аёлларнинг овозини ўчириш, уларнинг касбий обрўсига путур етказишга қаратилган. 

“Бу гендер тенглигига қарши кенгроқ босимнинг бир қисми”, дейди у.

Унинг фикрини йил бошида эълон қилинган тадқиқот ҳам қўллаб-қувватлайди. Унда аёлларни интернетда сукут сақлашга мажбур қилиш тасодифий ҳолат эмас, балки “мувофиқлаштирилган ва тизимли амалиёт” экани таъкидланган. Тадқиқот шуни кўрсатдики, онлайн душманлик нафрат тарқатувчилар учун осон ва рағбатлантирувчи муҳитга айланган, платформаларнинг алгоритмлари ва вақтинчалик душман гуруҳларнинг шаклланиши аёлларга қарши нафратни “жамоатчиликда иштирокини чеклашга қаратилган мувофиқлаштирилган механизмга” айлантирмоқда.

Бу муаммо жорий йил бошида кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Илон Маскнинг Grok сунъий интеллект воситасига юз минглаб сўровлар келиб тушгани, улар орқали аёллар суратларидан кийимларни “олиб ташлаш” талаб қилингани маълум бўлганди. Кейинчалик немис телевидение юлдузи Коллиен Фернандес собиқ турмуш ўртоғи унинг СИ орқали яратилган порнографик тасвирларини интернетда тарқатганини айтган.

“Онлайн бошланган зўравонлик онлайн қолиб кетмайди. У реал ҳаётга ҳам ўтади, қўрқув тарқатади, овозларни ўчиради ва энг ёмон ҳолатларда жисмоний зўравонлик ва аёл ўлдириш ҳолатларига олиб келади”, дейди БМТнинг аёлларга масъул бўлими ижрочи директори Сима Бахус

Ҳисоботда сўровда қатнашган аёл журналистлар ва медиа ходимларининг чорак қисми интернетдаги зўравонлик туфайли хавотир ёки депрессия ташхиси қўйилганини айтган. Қарийб 13 фоизи эса посттравматик стресс синдромига дуч келган. Кўплаб аёллар учун интернетдаги зўравонлик қўрқуви уларни муҳим мавзулардан қочишга ёки умуман сукут сақлашга мажбур қилаётгани айтилади. 45 фоиз аёл журналистлар ижтимоий тармоқлардан ўзини чеклашини айтган, қарийб 22 фоизи эса касбий фаолиятида ҳам ўзини цензура қилмоқда.

Мингейру технология компанияларини зўравонликни олдини олиш учун ҳимоя воситаларини жорий этишга ва шикоят қилиш механизмларини яратишга чақирган. Шунингдек, ҳукуматлар ҳам чора кўриши кераклигини таъкидлаб, ҳозирда мамлакатларнинг 40 фоиздан кам қисмида аёлларни кибертаҳқир ёки кибертаъқибдан ҳимоя қилувчи қонунлар мавжудлигини қайд этган. Акс ҳолда, бу муаммо узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиб, ўнлаб йиллар давомида эришилган ютуқларни ортга қайтариши мумкин. 

“Бу ёмон доирани яратмоқда. Бундай жиддий руҳий саломатлик муаммолари шароитида кўплаб аёллар рақамли маконда иштирок этишни истамай қўяди”, дейди у.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

аёллар Сунъий интеллект кибертаҳдид виртуал зўрлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг