Андижоннинг сўконғичлиги билан танилган собиқ ҳокими янги лавозимга тайинланди

Жамият

image

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев кеча, 17 август куни шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу бўйича шаҳарнинг айни пайтдаги ҳокими Ғофур Абдураҳмонов тегишли қарорни имзолаган. 

Дилмурод Раҳматуллаев турли лавозимларда фаолият юритган. Бир муддат вилоят халқ таълими бошқармасини бошқарган. 2016—2019 йилларда Андижон шаҳрига ҳокимлик қилган. Собиқ ҳоким 2017 йилнинг кузида Андижон шаҳридаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани ёзилган аудиоси тарқалиб кетганидан сўнг интернетда машҳур бўлганди ва ўша йилнинг декабрь ойида суд қарори билан энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилганди.

У 2018 йилнинг апрель ойида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун бош вазир томонидан ҳайфсан олган ҳамда охирги маротаба огоҳлантирилганди.

2019 йилнинг августида эса Дилмурод Раҳматуллаевнинг видеоси тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. 

“Бу Андижон шаҳри, вилоят ва раҳбариятнинг обрўсига путур етказиш, деб ўйлайман. Буни қоралайман, лаънатлайман”, дея муносабат билдирганди ўшанда Раҳматуллаев.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов собиқ ҳоким Дилмурод Раҳматуллаев ишига салбий баҳо бериб, уни кўп маротаба огоҳлантирганини алоҳида таъкидлаган. Кейинчалик у 30 га яқин ҳолатда қонун талабларига зид ҳужжатларни имзолагани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг