“Сўх воқеалари” бўйича барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди
Жамият
−
16 Март 2021
130782020 йилнинг 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси, Боткен области, Кадамжай райони, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
Фарғонада ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлар юзасидан айбланган 22 нафар шахс устидан давом этаётган суд жараёнида бугун барча судланувчиларнинг охирги сўзи эшитилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Дастлабки тергов органи томонидан ушбу шахсларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) ва 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) каби жиноятларни содир этганликда айб эълон қилиниб, 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Улардан бир нафари вояга етмаган шахсдир.
2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.
Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.
Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, "Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари (ҳозирда Бош вазир) Кубатбек Боронов билан учрашганди.
LiveБарчаси