Судан Бош вазири истеъфога чиқди
Олам
−
03 Январь 2022
2645Судан Бош вазири Абдуллаҳ Ҳамдок оммавий норозиликлар ортифан истеъфога чиқди. Минглаб одамлар унинг 2020 йил октябрида давлат тўнтариши уюштирган ҳарбийлар билан ҳукуматни бўлишиш ҳақидаги қарори ортидан кеча, 2 январь куни норозилик намойишларига чиққан.
Намойишчилар “халққа бошқарувни бер” дея ҳайқириқлар билан ҳокимият тўлиқ халқ назоратига ўтишини талаб қилишган. Аммо бу сафарги намойишлар ҳам ҳарбийлар қаршилигига учраб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлгани айтилмоқда.
Абдуллаҳ Ҳамдокнинг ҳукуматдан кетиш тўғрисидаги қарори ортидан ҳокимият бошқаруви тўлалигича ҳарбийлар назорати остида қолмоқда.
Бу Суданнинг 2019 йилда узоқ муддат давлатни бошқарган авторитар Президенти Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган халқ қўзғолонидан сўнг, Суданнинг демократик бошқарувга ўтишдаги нозик ҳаракатларига яна бир зарба бўлди.
Телевидение орқали қилган мурожаатида Абдуллаҳ Ҳамдок мамлакат "омон қолиши даргумон бўлган хавфли бурилиш нуқтасида" эканини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, у мамлакатни "фалокат ёқасидан қутқариш" учун қўлидан келганича ҳаракат қилган, аммо "келишувга эришиш учун қилинган барча ҳаракатларга қарамай келишув амалга ошмаган".
2021 йил 25 октябрь куни давлат тўнтаришидан сўнг, ҳукумат ҳарбийлар қўлига ўтиши ортидан халқ вакиллари ва ҳарбий раҳбарлар ҳокимият тақсимланиши борасида келишувга эришиши қийин кечган. Ўшанда Абдуллаҳ Ҳамдок уй қамоғига олинган.
Маълумоти бўйича иқтисодчи бўлган Ҳамдок Бирлашган Миллатлар Ташкилотида расмий лавозимда ишлаган шахс сифатида халқаро ҳамжамиятда ҳурматга эга. У Суданнинг баъзи давлат қарзларидан кечиш бўйича келишувларга эришган. Аммо қарзлар билан бирга давлатга ажратилган ёнилғи субсидияларининг олиб ташланиши, кўплаб асосий товар маҳсулотларининг нархи кўтарилиши, бунинг ортидан эса ҳукуматга қарши оммавий намойишларга сабаб бўлди.
Ноябрь ойида ҳарбийлар билан эришилган келишувлар ортидан ҳукуматга қайтган Ҳамдок янги сайловлар ўтказилгунга қадар технократлар кабинетини бошқариши керак эди. Аммо сайловнинг мунтазам ортга сурилиши сабабли халқ ҳарбийларга қарши намойишлар ўтказа бошлаган.
Ҳарбийлар бу сафарги намойишларни ҳам куч билан бостиришга уринмоқда.
Абдуллаҳ Ҳамдок истеъфоси ортидан Қўшма Штатлар Судан ҳукуматини аҳолига нисбатан зўравонликларни тўхтатишга чақирган.
Демократия тарафдори бўлган Судан марказий шифокорлар қўмитаси маълумотларига кўра, давлат тўнтаришидан кейинги намойишлар чоғида 50 дан ортиқ одам, жумладан сўнгги якшанба куни яна камида икки киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси