Суд Таиланд Бош вазирини лавозимидан четлатди

Олам

image

Таиланд Бош вазири Пхетхонгтхан Чинават истеъфога чиқишга мажбур бўлмоқда. Мамлакат Конституциявий суди 39 ёшли ҳукумат раҳбари қўшни давлат сиёсатчиси билан телефон суҳбатида ахлоқий тамойилларни бузган ва ўз лавозимини тарк этиши керак, деб қарор қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Таиланд парламенти 2024 йилнинг август ойи ўрталарида Пхетхонгтхан Чинаватни янги Бош вазир этиб сайлаганида, бу мамлакат тарихида иккинчи марта аёл кишининг ҳокимият тепасига келиши бўлди. 37 ёшида Чинават Жануби-Шарқий Осиё давлати тарихидаги энг ёш Бош вазирга айланди. Унинг отаси, 2008 йилда мамлакатдан қочиб, 2023 йилда қайтиб келган Таксин Чинават ва унинг синглиси Йинглак Чинават аввалроқ ҳукуматни бошқарган эди.

Суд қарори эълон қилингандан сўнг мамлакат Вазирлар Маҳкамаси бутунлай истеъфога чиқиши керак, бироқ у янги ҳукумат тузилмагунча ҳокимиятда қолади. Муваққат бош вазир Пхумтам Вечаячай ҳам парламент янги ҳукумат раҳбари тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этади.

Пхетхонгтхан Чинават ва Камбоджа Сенати раиси Ҳун Сен ўртасидаги 15 июнь куни бўлиб ўтган телефон суҳбати давомида Пхетхонгтхан Таиланд армиясининг таъсирли шахсларидан бири – 2-ҳарбий округ қўмондони ҳақида танқидий фикр билдирган. Айнан ушбу баёнот жамоатчилик ва сиёсий доираларда кучли норозиликка сабаб бўлди.

Гап шундаки, жорий йилнинг май ойида Камбоджа билан чегарадаги қуролли тўқнашувда бир камбоджалик аскар ҳалок бўлгач, бу масала икки давлат ўртасида кескин тортишувларга сабаб бўлган. Пхетхонгтхан ушбу муаммони юмшатишга ҳаракат қилганини айтган, аммо унинг телефон орқали Таиланд ҳарбийларини, айниқса жанговар ҳаракатлар тарафдори сифатида кўрилаётган қўмондонни танқид қилиши муҳим “қизил чизиқ”ни босиб ўтиш сифатида кўрилди.

Пхетхонгтхан кейинчалик бу сўзларни “музокара тактикасининг бир қисми” сифатида ҳам тушунтирган ва узр сўраган, бироқ бу етарли бўлмади. Бангкок марказида минглаб консерватив ва миллатчи норозилар унинг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказди.

Шундан сўнг 36 нафар сенатор бош вазирни этика нормаларини бузганликда айблаб судга мурожаат қилган. Суд Пхетхонгтханга нисбатан якуний қарор чиқарилгунига қадар уни бош вазирлик вазифаларини бажаришдан вақтинча четлатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 38 ёшли Пхетхонгтхан Чиннават ушбу лавозимни бор-йўғи 10 ой аввал эгаллаган эди. Қизиқ томони шундаки, у ҳам илгари этик меъёрларни бузганликда айбланиб лавозимидан кетган собиқ бош вазир ўрнини эгаллаганди. Хусусан, Таиланд Конституциявий суди олдинги бош вазир Сеттҳа Тхависинни “қўпол тарзда” ахлоқ меъёрларини бузганликда айблаб лавозимидан озод этди. Суд қарорига унинг илгари қамоқ жазосини ўтаган бир шахсни вазир этиб тайинлагани сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Таиланд Пхетхонгтхан Чинават

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг