Суд Нурхон Нафасовни лавозимига қайтарди
Жамият
−
29 Август 2019
7764Аввалроқ, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Каратэ Миллий федерацияси собиқ президенти Нурхон Нафасов устидан суд жараёни бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
2018 йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Каратэ Миллий федерациясининг собиқ раиси Нурхон Нафасов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши очилган эди.
Бу вақт оралиғида Нафасов федерация раҳбарлигидан четлаштирилиб, унинг ўрнини Аламжон Муллаев эгаллаган эди.
Орадан 11 ой ўтиб Нурхон Нафасов лавозимига яна тикланди.
Жорий йил 27 август куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро суди Ўзбекистон Республикаси номидан ҳал қилув қарорини чиқарди.
Қарор мазмунига кўра, Нурхон Нафасовнинг жавобгар Нурмухумбет Иминов, Аламжон Муллаевга нисбатан йиғилиш баённомаси ва қарори, лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган.
Яъни, суд томонидан Ўзбекистон каратаэ миллий федерациясининг 2018 йил 26 сентбярь кундаги йиғилиш баённомаси ва қарори ҳақиқий эмас, деб ҳисобланди ҳамда 2018 йил 27 сентябрдаги Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимидан ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ғайриқонуний, деб топилди.
Эслатиб ўтасиз, Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида судланувчилар:
• Нурхон Нафасов (1965 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланган, Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси президенти);
• Ж.Юсупов (1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси бош бухгалтери лавозимида ишлаган);
• Б.Аралов (1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз);
• О.Қосимов (1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, муқаддам судланмаган, Ўзбекистон Каратэ миллий федерацияси бош котиби лавозимида ишлайди)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтмоқда.
Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 192-11 (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган эдилар.
LiveБарчаси