ССВ “Ўзкимёсаноат” раддиясига жавоб қайтарди
Жамият
−
31 Октябрь 2019
4596Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 29 октябрь куни “Навоийазот” АЖга қарашли ПВХ заводида юз берган фавқулодда вазиятда 4 киши заҳарланганини маълум қилганди. Шундан сўнг “Ўзкимёсаноат” АЖ матбуот хизмати бу хабарга раддия билан чиқиб, жорий йил 28 октябрь куни ПВХ заводи ва умуман “Навоийазот” АЖ ҳудудида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаганини маълум қилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ раддиясидан сўнг ССВ шу масалага доир яна бир хабар эълон қилди.
“Аввало таъкидлашимиз лозимки, инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат биз тиббиёт ходимлари учун фавқулодда ҳолат ҳисобланади”, деб бошланади ССВ баёноти.
Сўнгги маълумотларга кўра, 2019 йил 28 октябрь куни соат 18:30да “Навоийазот” АЖ хизмат машинасида, таржимон кузатувида 4 нафар фуқаро кўнгил айниш, қайт қилиш, нафас қисиши, бош айланиши шикоятлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали қабул бўлимига олиб келинган.
Кузатувчи таржимоннинг сўзларига кўра, 16:00 да “Навоийазот” АЖ ҳудудидаги “ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси” қурилишида тўсатдан ҳавода ўткир газ ҳиди пайдо бўлган. Натижада уч нафар ишчи иш жойида нафаси сиқилиб йиқилган. Жабрланувчилар кузатувчилар ёрдамида воқеа жойидан зудлик билан “Навоийазот” АЖ Тиббий санитария қисмига олиб борилган. Бирламчи шифокор кўригидан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалига юборилган.
“Филиалимиз қабул бўлимида токсиколог врач кўригидан сўнг, беморларда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватларида гиперемия, шиш аниқланган. Беморнинг шикояти, анамнези, объектив кўриги асосида “Номаълум газдан (раздражающий) ингаляцион захарланиш, енгил даражаси” дастлабки ташхиси қўйилган, дейди РШТЁИМ вилоят филиали директори О.Инамов.
Беморлар текшириш ва даволаш максадида Токсикология бўлимига ётқизилган. Бўлимда токсиколог кўригидан сўнг, бошқа турдаги захарланиш клиник белгилари бўлмаганлиги сабабли, шунингдек, озиқ-овқатдан захарланиш ташхиси ҳам инкор этилган.
Маълум бўладики, беморларнинг шикояти, анамнези, клиник белгиларидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, озиқ-овқатдан захарланиш аломатлари бўлмаган. Номаълум газдан захарланиш ташхисининг асоси эса беморларнинг шикояти, ходиса содир бўлган вазият ва кўрик вақтида аниқланган клиник ўзгаришлар ҳисобланади.
“Касб масъулиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир шифокор учун у ким бўлишидан қатъи назар инсон ҳаёти устувор ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан буён ҳам одамлар саломатлиги таҳдид туғдирувчи ҳар қандай вазиятни фавқулодда ҳолат ҳисоблаб, зудлик билан тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда давом этади”, деб таъкидлайди ССВ.
LiveБарчаси