ССВ: Тиббиёт ходимига тажовуз учун жавобгарлик кучайтирилади
Жамият
−
04 Октябрь 2019
3617Соғлиқни сақлаш тизимида тез-тез учраётган нохуш ҳолатлардан бири – бу беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига ғайриқонуний равишда тажовуз қилинишидир.
Статистик маълумотларга қараганда, 2018-2019 йиллар давомида Ўзбекистонда 400 дан ортиқ ҳолатларда тиббиёт ходимларига нисбатан зўравонлик қилиш, уларга тан жароҳатлари етказиш каби ноқонуний ҳаракатлар содир этилган.
Бугунги кундаги ҳақиқий ҳолат эса бундан ҳам аянчли аҳволга келиб қолган. Вазият шу даражага бориб етдики, тиббиётмуассасаларида, айниқса, шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида бу каби ҳолатлар кунда-кунора учраб турмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил ҳисобланади. Бунинг оқибатида айрим пайтларда тиббиёт ходимларининг соғлиғига тиклаб бўлмайдиган даражада жароҳат етказган айбдор шахслар ҳам амалда ҳеч қандай жазо ўтамасдан қолиб кетмоқда. Бундай иллатларнинг олдини олишда энг самарали йўл – бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтиришдир.
Шундан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Турли вазирлик ва идоралар билан келишишнинг ўта мураккаб жараёни узоқ ва машаққатли меҳнат талаб этган бўлса-да, бу жараён якунланиб, бугун, 4 октябрь куни қонун лойиҳаси белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бундай тажовузларни содир этган шахсларга нисбатан уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазосини қўллаш мумкин бўлади. Ўйлаймизки, бу ҳозирда қарийб ҳар куни содир бўладиган ҳодисага айланиб улгурган тажовузларнинг олдини олишда катта профилактик таъсир кучга эга бўлади.
Зеро, шифокор ҳеч қачон беморга ёмон бўлишини истаб ҳаракат қилмайди, у ҳамиша инсонга яхшилик қилишга интилади, кўмакка муҳтож беморга шифо бахш этиш, фавқулодда ҳолатларда инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш учун бор куч-салоҳиятини бахш этади.
LiveБарчаси