ССВ таркибидаги клиникада қарийб 10 млрд сўмлик молиявий камчиликлар аниқланди
3-саҳифа
−
11 Ноябрь 2021
4394Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасида жами 9 миллиард 747 миллион 598 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аниқланган молиявий хато ва камчиликлардан 586 миллиард 798 миллион 200 минг сўмлик бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Хабарга кўра, клиника мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларидан фойдаланиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, хабарда ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь