СССРни парчалаган Горбачёв ким эди?
Таҳлил
−
31 Август 2022
29793Кеча, 30 август куни собиқ Совет Социалистик Республикалари Иттифоқининг биринчи ва охирги Президенти Михаил Горбачёв 91 ёшида вафот этди.
Горбачёв 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги Президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.
Горбачёвнинг оиласи ва таълим
Михаил Сергеевич Горбачёв 1931 йил 2 мартда СССР Шимолий Кавказ ўлкаси (ҳозирги Ставропол ўлкаси – таҳр.) Красногвардейский туманидаги Привольное қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. Унинг отаси – Сергей Андреевич машина-трактор станциясида механизатор бўлиб ишлаган. Онаси – Мария Пантелеевна бутун умр колхозда ишлаган.
Горбачёв 1955 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг юридик факультетини, 1967 йилда эса Ставропол қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти
Михаил Горбачёв 15 ёшидан комбайн ҳайдовчисининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Университетни тугатгач, у Ставропол вилоят прокуратурасида иш бошлаган, кейин дарҳол комсомол ишига ўтган.
У Бутуниттифоқ Ленинчи Коммунистик Ёшлар Иттифоқи Ставропол вилоят қўмитасининг ташвиқот бўлими бошлиғининг ўринбосари (1955-1956), Бутуниттифоқ Ленинчи Коммунистик Ёшлар Иттифоқи Ставрополь шаҳар қўмитасининг биринчи котиби (1956-1958), иккинчи котиби ( 1958-1961), кейин вилоят комсомол қўмитасининг биринчи котиби (1961-1966) бўлиб ишлаган.
1961 йилда Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (СИКП) XXII қурултойига делегат этиб сайланди. Кейинчалик у партиянинг XXIV (1971) ва ундан кейинги барча (1976, 1981, 1986, 1990) қурултойларига делегат этиб сайланган.
1966 йил 26 сентябрда СИКП Ставрополь шаҳар қўмитасининг биринчи котиби ва бюроси аъзоси, 1969 йил 5 августда СИКП Ставрополь вилоят қўмитасининг иккинчи котиби бўлган.
1970 йил 10 апрелда у СИКП Ставрополь вилоят қўмитасининг биринчи котиби этиб тасдиқланган ва бу лавозимда 1978 йилгача ишлаган.
1970-1989 йилларда VIII-XI чақириқ СССР Олий Кенгаши депутати бўлган. СССР Қуролли Кучларининг ёшлар ишлари (1974-1979), қонунчилик таклифлари (1979-1984) ва ташқи ишлар (1984-1985) комиссияларига раҳбарлик қилган. Шунингдек, Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси (РСФСР) Олий Кенгашининг X-XI чақириқлари (1979-1989) депутати этиб сайланган.
1971-1991 йилларда СИКП Марказий Комитети аъзоси бўлиб ишлаган.
СССРдаги олий партия ва давлат лавозимларидаги фаолияти
Горбачёв 1978 йил 27 ноябрда партиянинг навбатдаги пленумида СИКП Марказий Қўмитасининг котиби этиб сайланди, шундан сўнг у Москвага кўчиб ўтган. Янги лавозимида у қишлоқ хўжалиги масалалари билан ишлаган.
1979 йил 27 ноябрдан 1980 йил 21 октябргача Совет Иттифоқининг олий коллегиал ҳокимият органи – СИКП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод бўлган. 1980 йил 21 октябрдан Сиёсий бюро аъзосига айланган.
1985 йил 11 мартдан 1991 йил 24 августгача СИКП Марказий Қўмитасининг Бош котиби лавозимида фаолият юритган. У бу лавозимга СССР Ташқи ишлар вазири Андрей Громиконинг таклифи билан партия бош котиби Константин Черненко вафотидан кейин сайланган. 1990 йил июль ойида СИКПнинг XXVIII қурултойида иккинчи муддатга қайта сайланган.
Шунингдек, 1988 йил 1 октябрда СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси этиб сайланган (1988 йил 1 декабрдаги СССР Конституциясига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ бу лавозим тугатилган). Орадан 1 йил ўтиб, у 1989 йил 25 майда СССР халқ депутатларининг 1-съездида СССР Олий Кенгашининг раиси этиб сайланган.
Бу орада, яъни 1985 йилда Михаил Горбачёв СССРда алкоголга қарши кураш кампаниясини бошлаган (1988 йилда тугатилган). 1986 йилда у гласност сиёсатини эълон қилган, бу сиёсат давомида СССРда кейинчалик цензура чекловлари бекор қилинган, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва маълумот алмашиш эълон қилинган. Аввал тақиқланган санъат асарлари, тарихий ҳужжатлар ва ҳоказоларни нашр этиш бошланган. Ўша йили Горбачёв мамлакатда бошлаган ислоҳотларга нисбатан биринчи марта "қайта қуриш" атамасини ишлатиб, "Мен "қайта қуриш" ва "инқилоб" сўзлари ўртасида тенг белги қўяман”, деганди.
1988 йилда СССРда сайлов тизими ўзгартирилди, бу сайловларда СИКПдан мустақил номзодларни кўрсатишга имкон берган. 1989 йил баҳорида эса Совет Иттифоқида мамлакатда биринчи рақобатли сайловлар бўлиб ўтган. 1986-1991 йилларда хусусий тижорат фаолияти қонунийлаштирилган, хусусийлаштириш бошланган, давлат ташқи савдо монополиясидан воз кечган. 1991 йилда пулни мусодара қилиш ислоҳоти амалга оширилган.
Ташқи сиёсат соҳасида Михаил Горбачёв капиталистик лагерь давлатлари билан қарама-қаршиликни рад этиш, халқаро муносабатларда умуминсоний қадриятлар устуворлиги ва қуролсизланиш йўлини назарда тутувчи "янги сиёсий тафаккур" сиёсатини (1987) эълон қилган.
Бош котиб Совет қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган (1989 йилда якунланган), Ғарб давлатлари билан ядровий ва оддий қуролларни қисқартириш бўйича бир қатор шартномалар имзолаган. Шу йили Совет қўшинларини Шарқий Европа давлатларидан олиб чиқиш бошланган. Бундан ташқари, СССР Шарқий Европа блоки давлатларининг ички ва ташқи сиёсатини назорат қилишдан воз кечган. Бу эса ушбу давлатларда советпараст социалистик тузумнинг йўқ қилинишига олиб келган.
Орадан бир йил вақт ўтиб, 1990 йилда Германияга нисбатан якуний келишув тўғрисида шартнома имзоланган, бунинг натижасида Германия Демократик Социалистик Республикаси тугатилган ва Германия Федератив Республикаси билан бирлаштирилган.
Горбачёв Совет Иттифоқи Президенти
1990 йил февраль ойида Михаил Горбачёв СССР Президенти лавозимини ўрнатиш ва СИКПнинг давлатдаги етакчи роли тўғрисидаги Конституция қоидаларини бекор қилиш зарурлигини эълон қилган. Ўша йилнинг 14 мартида асосий қонунга ўзгартиришлар киритилган, унга кўра бир партиявий тизим бекор қилинган ва СССР Президенти лавозими ўрнатилган.
Худди шу йили 15 мартда халқ депутатлари III қурултойида Горбачёв Совет Иттифоқи Президенти этиб сайланган (1329 овоз, қарши – 495 овоз), шу сабабли у СССР Қуролли Кучлари раиси лавозимини тарк этган.
1980 йилларнинг иккинчи ярмида СССР тизимли инқироз ҳолатига тушиб қолганди. Партия ва марказий ҳокимиятнинг заифлашиши, иқтисодиётнинг қулаши ва миллатлараро вазиятнинг кескинлашиши миллий элита ва сепаратизмнинг кучайишига олиб келган. Мамлакатда республикаларнинг мустақиллиги учун ҳаракат (“суверенитетлар паради”) бошланганди.
1990 йил июль ойида эса парчаланишни тўхтатиш учун Михаил Горбачёв СИКП XXVIII съэздида СССР республикалари ўртасида янги иттифоқ шартномасини тузиш ғоясини илгари сурган.
1991 йил 23 апрелдан 23 июлга қадар давлат раҳбарининг Ново-Огарёводаги қароргоҳида Горбачёв ва 15 иттифоқ республикаларидан тўққизтаси – Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси, Украина, Беларусь Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ССР Президентлари ўртасида яширин музокаралар бўлиб ўтган. Унда янги битимни имзолаш (Ново-Огаревский жараёни) муҳокама қилинган.
Июль ойининг охирида Суверен Давлатлар Иттифоқини тузиш тўғрисида шартнома лойиҳаси келишиб олинган, унда кўпчилик ваколатлар республикаларга ўтган амалда конфедерал давлат барпо этиш кўзда тутилган. Дастлаб уни имзолаш 1991 йилнинг кузига мўлжалланган эди, аммо Горбачёвнинг Россия Президенти Борис Ельцин ва Қозоғистон ССР раҳбари Нурсултон Назарбоев билан ёпиқ учрашуви чоғида имзолашни 20 августга кўчиришга қарор қилинган. Қарорга СССР халқ депутатлари шартномага қарши овоз беришидан қўрқиш сабаб бўлган.
Янги иттифоқ шартномасини имзолаш давлат тўнтаришига уриниш туфайли барбод бўлган. 1991 йил 18 августдан 19 августга ўтар кечаси Горбачёв Қримда таътилда бўлганида, Совет Иттифоқи вице-президенти Геннадий Янаев бошчилигидаги совет олий партия ва давлат раҳбарияти вакилларидан иборат гуруҳ Совет Иттифоқи Фавқулодда ҳолат давлат қўмитасини тузган.
Суверен Давлатлар Иттифоқини тузиш тўғрисидаги шартномани имзоланишига йўл қўймаслик учун Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси аъзолари Михаил Горбачёвни ҳокимиятдан четлатиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этган. Бироқ, фитначиларнинг пассивлиги, Россия ва бир қатор иттифоқ республикалари ҳокимиятларининг фаол қаршиликлари, фуқароларнинг оммавий норозиликлари тўнтаришга уринишнинг барбод бўлишига олиб келган ва унинг фаоллари ҳибсга олинган.
1991 йил 5 сентябрдан 25 декабргача Михаил Горбачёв янги иттифоқ шартномаси имзолангунга қадар ўтиш даври учун тузилган давлат бошқарувининг вақтинчалик органи – СССР Давлат кенгашининг раиси бўлиб ишлаган. СССР Президентидан ташқари унинг таркибига ўнта иттифоқ республикалари (РСФСР, Украина, Беларуь, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон) раҳбарлари кирган. Эртаси куни, 6 сентябрда Горбачёв Давлат кенгаши раиси сифатида Литва, Латвия ва Эстония мустақиллигини тан олиш ҳақидаги резолюцияни имзолаган.
Бироқ 1991 йил август воқеаларидан кейин Михаил Горбачёвнинг сиёсий позицияси заифлашган. Мамлакатни бошқаришнинг реал функцияларининг муҳим қисмини Борис Ельцин бошчилигидаги Россия раҳбарияти, шунингдек, уларнинг ҳудудларидаги иттифоқ республикалари раҳбарлари ўз зиммаларига олган.
1991 йил 8 декабрда Беловежская Пушада (Беларусь) Россия ва Украина Президентлари Борис Ельцин ва Леонид Кравчук, шунингдек Беларусь Қуролли Кучлари раиси Станислав Шушкевич иттифоқчи давлатлар раҳбариятининг розилигисиз СССР парчаланишини қайд этган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)нинг ташкил этилиши ҳақида ўзаро келишувни имзолаган. Бу ҳақда Михаил Горбачёвга шартнома имзоланганидан кейин хабар берилган. 21 декабрь куни Олма-Отада (Қозоғистон) 11 нафар собиқ иттифоқ республикаси раҳбарлари Белавежская келишувларини тасдиқлаган. Худди шу куни МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши қарори билан СССР Президенти бутун умрга махсус пенсия, бутун оила учун тиббий ёрдам, шахсий ҳимоя, давлат дачаси ва бошқа нарсаларни қўлга киритган. Қарорнинг моддий таъминоти РСФСР ҳукуматига юкланган.
Орадан 4 кун ўтиб, 25 декабрда Горбачёв телевидение орқали мамлакат фуқароларига мурожаатида СССР раҳбари сифатидаги фаолиятини тўхтатганини эълон қилган.
Олган мукофотлари ва ёзган китоблар
Михаил Горбачёв 300 дан ортиқ давлат ва жамоат мукофотлари, дипломлар, фахрий ёрлиқлар ва имтиёзлар билан тақдирланган. Учта Ленин ордени (1971, 1973, 1981), Октябрь инқилоби (1978), Меҳнат Қизил Байроқ ордени (1949), “Шон-шараф белгиси” (1966), “Шон-шараф” (2001), Биринчи Авлиё Эндрю орденлари билан мукофотланган. Тинчлик учун Нобель мукофоти лауреати (1990).
Бир неча ўнлаб китоблар муаллифи, хусусан, "Қайта қуриш ва мамлакатимиз ва бутун дунё учун янгича фикрлаш" (1987), "Ҳаёт ва ислоҳотлар" (1995), "Бу қандай бўлганди? Германиянинг бирлашиши" (1999), "Ўтмиш ва келажак ҳақида мулоҳаза” (1998), “Ўзим билан ёлғиз” (2012), “Кремлдан кейин” (2014), “Мен оптимист бўлиб қоламан” (2017) ва бошқалар.
1997 йилда у “Пицца хат" пицерия тармоғи рекламасида роль ўйнаган, кейинчалик Австрия миллий темир йўллари (2000), чарм аксессуарлар ишлаб чиқарувчиси Louis Vuitton (2007) ва бошқалар учун реклама кампанияларида иштирок этган.
2004 йилда у Сергей Прокофевнинг "Питер ва бўри" мусиқий эртагини ижро этгани учун Grammy мукофотига сазовор бўлган (италиялик актриса София Лорен ва АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон билан бирга).
2009 йилда россиялик мусиқачи Андрей Макаревич билан биргаликда у "Раиса учун қўшиқлар" аудио дискини ёзган.
2017 йилда "Горбачёв ва Рейган" ҳайкали "Бургановнинг уйи" Москва давлат музейига ўрнатилган.
Шахсий маълумот
1953 йилдан 1999 йилгача у Раиса Максимовна Горбачёва билан турмуш қурган. Қизи – Ирина Вирганская (1957 йилда туғилган), Горбачёв жамғармаси асосчиси ва вице-президенти. Неваралари – Ксения (1980 йилда туғилган) ва Анастасия (1987 йилда туғилган).
LiveБарчаси