SQB ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини оширмоқда!
Бизнес
−
06 Апрель 2022
7878Мактаб ўқувчиларига савол билан юзландик. Хўш, ким пул йиғишни яхши кўради, ёки ким кундалик ҳаражатларини назорат қилиб боради? Зал сув қуйгандек жим-жит эди! Кейин уларга навбатдаги саволни бердик. Айтингчи, ким ҳар куни пул ишлатади? Негадир 1-саволга кўтарилмаган қўллар бу жавобга келганда жонланиб қолди. Бирданига ҳамма: "мен, мен, мен, мен....."
Шу онда ўйланиб қолдик. Нега фарзандларимиз ҳар куни биздан мактабга пул олишни қойиллатишади-ю, лекин уни мустақил тасарруф эта олишмайди. Ёки нега 10 ёшлик болалар, дўконга катталар ёрдамисиз чиқиб, қайтимни тўғри олишни уддалай олмайди. Балки уларга молиявий саводхонлик етишмас?! Хўш, уни кимдан, қачон ўрганишади?
Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ҳамкорликда “Бутунжаҳон жамғариш куни” (“World savings day”) халқаро таълим кампанияси доирасида умумтаълим мактабларида ўтказилаётган молиявий саводхонлик дарслари ўқувчи-ёшларга ана шу каби бир қарашда арзимасдек, лекин ҳаётда ниҳоятда зарур бўлган билимларни етказишга қаратилган.
Бугунги кунга қадар аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва ёшларда ўз пул маблағлари жамғариш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилган ушбу таълим дастури бугунги кунгача 60дан зиёд умумтаълим мактабларидаги 3 мингдан ортиқ ўқувчиларни қамраб олди.
– Молиявий таълим келажакда ёшларга молиявий масалаларда осон ва тўғри қарор қабул қилишда кўмаклашади, уларнинг пул маблағлари билан муносабатда хавфсизлигини оширади, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг пойтахтимиздаги Ракат филиали бошқарувчиси ўринбосари А.Шавкатов. –Аксинча, молиявий билимга эга бўлмаслик эса, нафақат молиявий инқирозга, балки тез-тез фирибгарлар тузоғига тушишга, ҳаддан ташқари кўп қарз ва ижтимоий-руҳий муаммоларга кириб боришга сабаб бўлади. Шу нуқтаи назардан халқаро таълим кампанияси доирасидаги ушбу ташаббуслар ҳар жиҳатдан долзарб, уни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.
Машғулотларда Банк мутахассислари ўз малака ва тажрибаларига таяниб ўқувчи-ёшларни банк-молия олами билан таништирмоқда, банк хизматлари истеъмолчилари сифатида ҳуқуқий билимларини ошириб, уларнинг мустақил ҳаётида асқотувчи молиявий хулқ-атворини шакллантирмоқда.
Хусусан, ўқувчилар “бюджет”, “молия”, “банк” тушунчалари билан бирга, омонат, пластик карта, кредит каби энг оммалашган хизматлар, шунингдек, онлайн хизматлар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлишмоқда. Мобил илова мисолида рақамли банк имкониятлари билан таништирилмоқда.
– Ўзимда ишбилармонлик қобилияти борлигини ҳис қиламан, – дейди юқори синф ўқувчиларидан бири Санжар Равшанов. – Банк ходимлари билан учрашув мустақил иш бошлашимда маблағ борасидаги ўйларимни аритди. Кредитни қарз, ишни эса қарздан бошламаслик керак деб тушунардим. Банк мутахассислари диққатни қарз узишга эмас, балки, ундан қандай унумли фойдаланишга қаратиш лозимлигини ўргатди.
– Молиявий саводхонлик кўникмалари ёшларга реал мақсадлар қўйиш ва уларга эришиш сари ишонч билан бориш имконини беради, – дейди
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг Яшнобод филиали бошқарувчи ўринбосари А.Луқмонов. – Ишлаб топганингизни кўпайтириш тугул, шунчаки ушлаб туришучун ҳам кишининг уқуви бўлиши керак. Ўзаро савол-жавобларда ўқувчилар мана шундай бир қарашда оддий, лекин долзарб саволларга жавоб олишди.
Бугунги кунгача Банк томонидан уч мингдан зиёд ўқувчи-ёшларнинг молиявий саводхонлиги оширилди. Бироқ, бу рақам ўсишда давом этмоқда. “Бутунжаҳон жамғариш куни” халқаро таълим кампанияси иштирокчилари бўлмиш Ўзсаноатқурилишбанк ходимлари вилоятлардаги чекка қишлоқларга ҳам кириб бормоқда.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси